Сурхондарё делегацияси “Янги Ўзбекистон” боғида истиқлол байрамини нишонлади.
Мамлакатимизда мустақиллигимизнинг 30 йиллик тўйи кенг нишонланаётган шу кунларда Сурхондарё вилоятининг бир гуруҳ нуронийлари, фаол ёшлар ва меҳнат жамоалари вакилларидан иборат 400 киши Тошкент шаҳрида бўлиб, “Янги Ўзбекистон” боғида истиқлол байрамини нишонлади. Янги бунёд этилган гўзал ва сўлим боғ билан яқиндан танишди.
“Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” шиори остида ташкил этилган байрам тадбирида ош тарқатилди.
– Шодиёна муносабати билан дам олиш кунлари уюштирилган бу тадбир барчада бир олам қувонч улашди, – дейди вилоят ҳокими ўринбосари, делегация раҳбари Жўрабек Тўраев. – Пойтахтимизда амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишлари бой таассурот ўйғотди. Айниқса, янги мажмуанинг меъморий ечими ва Мустақиллик монументи, тинчлик, эркинлик ва эзгулик, фаровонлик тимсоли бўлган Хумо қуши тасвиридан ўзгача фахр ҳиссини туйдик.
Вилоят ҳокими Тўра Боболов тавсияси асосида мустақиллигимизнинг 30 йиллик байрамини пойтахтда нишонлаган делегация аъзолари Самарқанд шаҳрида Биринчи Президент Ислом Каримов мақбарасини зиёрат қилиб, ҳудудда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари билан ҳам танишиб қайтди.
Izoh qoldiring
Sizning elektron pochta manzilingiz nashr etilmaydi. Majburiy maydonlar * bilan belgilangan