“Тошшаҳартрансхизмат”нинг иддао қилишича, “пойтахтимиз кўчаларида енгил автомобиллар ҳамда йўналишсиз таксилар сонининг кўпайиши тирбандликларни келиб чиқарди. Бу эса ўз навбатида автобус ва йўналишли таксилар оралиқ вақтининг ошишига олиб келди.
Ўқув мавсумининг биринчи кунида йўналишсиз такси хизматларига бўлган катта талабдан айрим ҳайдовчилар кўпроқ фойда оламан деб сунъий равишда йўналишсиз такси хизматлари нархини кескин ошириб юборган ва аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлган”.
P.S.: жамоат транспортини нафақат ривожлантирмасдан, балки йиллар давомида борини ҳам абгор қилиб, йўловчилар учун ноқулай тизимга айлантириб, майли, эски даврни айблашнинг мавриди тугагандан сўнг янги айбдор — таксистларни айблашга ўтишибди. Бу безбетликнинг янги босқичи бўлса керак.
Албатта, Тошкентшаҳартрансхизмат ҳозирги ҳолатида ҳеч қачон пойтахт транспорт тизимини ўзгартирмайди, янгиламайди. Бу ўзимизни ўзимиз алдаш билан боғлиқдек. Бу компания бугуни билан яшайди. Бу гапни кеча ўқиш бошланган пайт бошқарувни эплолмай қолган метро учун ҳам айтса бўлади.
Жамоат транспортининг эгаси шаҳарликлар, шаҳар депутатлари ва шаҳар ҳокимлиги бўлиши керак. Тошкентга генплан керак, Тошкент жамоат транспортига стратегия керак. 50 та автобус сотиб олган билан бу тизим ислоҳ бўлиб қолмайди. Шаҳар жамоат транспортига хусусий сектор призмасида қарайдиган ҳоким ҳам буни тушунмайди. Ҳафтада ҳеч қурса бир кун жамоат транспортида юрмайдиган ҳоким ҳам, вазир ҳам буни тушунмайди. Тўлиқ тонировка қилинган, совуткичи тўхтовсиз ишлайдиган машинада юрадиган, муздеккина кабинетидан, муздеккина машинасидан қарайдиган ҳоким ҳам, вазир ҳам ташқаридаги вазиятни бошқача кўради.
Шаҳар жамоат транспорт тизимини ривожлантирмас эканмиз, яқин келажакда ҳокимларнинг машиналари ҳам тирбандликда қолади (балки ўшанда типирчилаб қолишар), аҳоли учун бўш майдонлар эса умуман тугайди, кварталлар, маҳаллаларда бугун аллақачон бунинг оқибатларини кўраяпмиз. Жамоат транспортини ривожлантириш учун эса велосипедни қайта кашф қилиш керак эмас. Юзлаб шаҳарлар аллақачон муваффақиятли амалиётга, тажрибага эга, холос. Бунинг учун озгина сиёсий хоҳиш, ақлли режалаштириш бўлса, бас.
Izoh qoldiring
Sizning elektron pochta manzilingiz nashr etilmaydi. Majburiy maydonlar * bilan belgilangan