Ҳар йилги эзгу анъанага мувофиқ, мустақиллигимизнинг 30 йиллиги байрами муносабати билан кўп йиллардан буён фидокорона ва самарали меҳнат қилиб, ибратли натижаларга эришиб келаётган юртдошларимизнинг бир гуруҳи Президентимизнинг Фармонига биноан Ватанимизнинг юксак мукофотлари – фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан тақдирланди.
Куни кеча эса Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станциясида фаолият юритаётган бир гуруҳ ходимларга “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик нишони топширилди.
Уларга мукофотларни соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Амрилло Иноятов топширди.
Биз учун бебаҳо бойлик бўлмиш инсон ҳаёти ва саломатлигини сақлашга ўзини бағишлаган бу жонкуяр тиббиёт ходимлари ўзининг ҳалол меҳнати, малакаси ва салоҳияти билан аҳоли саломатлигини асраш борасида биринчи қаторларда туриб, беминнат хизмат қилиб келмоқда, мустақиллигимизни мустаҳкамлашга муносиб ҳиссаси қўшиб, бугун барчага ўрнак ва намуна бўлиб келмоқда.
Биламизки, тўрт-беш йил аввал мамлакатимизда тез тиббий ёрдам хизмати сифати анчайин ночор ҳолда эди. Ўша вақтларда мазкур соҳа тиббиётнинг энг кўп танқидга учрайдиган, аҳолининг жиддий ва ҳақли эътирозларига сабаб бўладиган тизими бўлган, десак хато қилмаймиз.
Ўтган вақт мобайнида аҳоли саломатлигини асраш, уларга сифатли тез тиббий ёрдам кўрсатиш борасида сезиларли ишлар амалга оширилди. Натижада аҳолига бепул узлуксиз тез тиббий ёрдам кўрсатиш хизмати сифат жиҳатидан бутунлай янги босқичга кўтарилди.
Сўнгги йилларда мазкур тизимга қаратилган юксак эътибор натижасида бугунги кунда “тез ёрдам” тизимида битта чақириққа дори-дармон учун 6 500 сўм маблағ ажратилмоқда.
Ваҳоланки, бу рақам 2016 йилда атиги 500 сўмни ташкил қилган эди. Шунингдек, аввал тез тиббий ёрдам бригадаларининг манзилга кечикиб бориши, машиналар, ёнилғи ва дори-дармонлар етишмаслиги одатий ҳол бўлган бўлса, бугунги кунда мазкур соҳа мутлақо янги инновацион, сифат жиҳатдан юксак, барча халқаро талабларга тўлиқ жавоб берадиган тизимга айланди.
Маълумот ўрнида айтиш лозимки, аҳолининг “103” хизматига мурожаатлари сони ошиб бораётганлиги сабабли жорий йил июль ойида Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси автопаркига 65 та янги автотранспорт воситаси олиб келинди ҳамда қўшимча бригадалар ташкил этилди.
“Тез ёрдам” хизматининг замонавий транспорт воситалари билан таъминланиши натижасида эса бригадаларнинг манзилга кечикишлари 10-12 фоиздан 1-2 фоизгача камайди, чақириқларга етиб бориш вақти ўртача 25-30 дақиқадан 10-15 дақиқагача қисқарди.
Жорий йилнинг 8 ойи давомида Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станциясига аҳолидан 751 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушди.
Айниқса, коронавирус пандемияси даврида “103” хизмати ходимлари алоҳида жонбозлик кўрсатганини таъкидлаш лозим.
Шунингдек, мамлакатимизда замонавий тиббиётнинг энг муҳим йўналиши бўлган тез тиббий ёрдам хизмати фаолиятини янада такомиллаштириш билан бирга, соҳани етук ва малакали кадрлар билан таъминлаш, уларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу каби ижобий ўзгаришлар, шубҳасиз, беморларга шифохонагача бўлган тез тиббий ёрдамни халқаро андозаларга мос тарзда кўрсатиш имконини бермоқда.
Хизмат ходимларининг мукофотланиши эса уларга янада катта масъулият юклаб, ўз вазифасига бундан-да сидқидилдан ёндашишга ундаши шубҳасиз.
Izoh qoldiring
Sizning elektron pochta manzilingiz nashr etilmaydi. Majburiy maydonlar * bilan belgilangan