У билан боғлиқ жиноят ишларини кўришнинг айрим масалалари хусусида
Мамалакатимизда кенг тармоқли транспорт тизими барпо этилган. Транспорт воситаларининг кўпайиши эса, транспорт билан боғлиқ ижтимоий муносабатларни янада сифатли тартибга солинишини, бу соҳада содир этилаётган ижтимоий хавфли қонунбузилишларнинг олдини олишга қаратилган кенг қамровли чора-тадбирлар ишлаб чиқилишини тақазо этади.
Мазкур тоифадаги жиноятлар (танспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) гарчи эҳтиётсизлик натижасида содир қилинса-да, йўлларда бахтсиз ҳодисалар юз бериши оқибатида фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғи хавф остида қолиши ҳамда жабрланувчининг оиласи оғир аҳволга тушиб қолиши сабабли судлар томонидан ушбу тоифадаги ишларни кўришда алоҳида ёндашув талаб қилинади.
Судлар ушбу тоифадаги жиноят ишларини кўришда судланувчининг ҳаракатларини тўғри малакалаш, жабрланувчининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, ваколатли давлат идоралари ва кенг жамоатчиликни юз берган ҳодисага эътиборини жалб қилиш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси ва Жиноят-процессуал кодекси нормаларини тўғри қўллай билиши ниҳоятда муҳим ҳисобланади.
Таъкидлаш лозимки, ҳозир мамлакатимизда транспорт ҳаракати ва ундан фойдаланиш хавфсизлигини таъминлаш бўйича етарли ҳуқуқий база яратилган.
Бу борада судлар учун Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Транспорт ҳаракати ва ундан фойдаланиш хавфсизлигига қарши жиноятлар билан боғлиқ ишлар юзасидан суд амалиётининг айрим масалалари тўғрисида” 2015 йил 26 июндаги 10-сонли қарори муҳим норматив ҳужжат ҳисобланади. Мазкур қарор транспорт ҳаракати ва ундан фойдаланиш борасида содир этилаётган жиноятларга қарши самарали курашиш, жиноятларнинг олдини олишда судлар томонидан фойдаланиладиган кенг қамровли ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади.
Ушбу қарор Ўзбекистон Республикасида транспорт ҳаракатининг ҳуқуқий ва ташкилий асосларини белгиловчи қонун ва норматив ҳуқуқий ҳужжатлар назарда тутилганлиги, транспорт ҳаракати ва ундан фойдаланиш хавфсизлигига оид атамалар ва транспорт турларига шарҳлар берилганлиги, жиноятларнинг объекти, объектив томони, субъекти ва субъектив томонини ифодоловни белгилар, тушунчалар мавжудлиги, шунингдек жиноятларни бир-биридан фарқлаш, уларни квалификация қилиш ва жазо тайинлашга оид тушунтиришлар берилганлиги билан аҳамиятлидир.
Амалдаги қонунчилик талабига кўра, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддасида назарда тутилган жиноят субъекти сифатида ҳайдовчилик гувоҳномасига эга, йўл ҳаракати қоидаларини бузганлиги учун ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб қўйилган, тегишли турдаги транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинган, умуман транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқига эга бўлмаган, қўш бошқарувли ўқув (машқ) транспорт воситасида транспортни бошқаришни ўргатаётган шахслар топилиши мумкин.
Шунингдек, йўл транспорт ҳодисаси сабабларини текширишда йўл ҳаракати ёки транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларининг қайси бандлари бузилганлигини ва улардан қайсилари Жиноят кодексининг 266-моддасида назарда тутилган оқибатлар билан боғланишда бўлганлигини аниқлаш муҳимдир.
Йўл ҳаракати қоидалари икки ёки ундан ортиқ йўл ҳаракати иштирокчиси томонидан бузилган ҳолларда, Жиноят кодексининг 266-моддаси бўйича жиноий жавобгарлик фақат транспорт воситасини бошқариш борасидаги ҳаракатлари юқоридаги моддада кўрсатиб ўтилган оқибатлар билан сабабий боғланишда бўлган ҳайдовчидагина келиб чиқади. Транспорт воситасини бошқариш борасидаги ҳаракатлари келиб чиққан оқибатлар билан сабабий боғланишда бўлмаган бошқа ҳайдовчи эса йўл ҳаракати қоидаларини бузганлиги учун маъмурий жавобгарликка тортилиши лозим.
Шунингдек, судлар йўл транспорт ҳодисасида айбдор, деб топилган шахсга нисбатан жазо тури ва муддатини белгилашда инсонпарварлик, одиллик тамойилларидан келиб чиқиб, ҳар бир иш бўйича алоҳида ёндашув тўғрисидаги қонун талабига қатъий риоя қилишлари, содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасига ҳодиса содир бўлгандан кейин шахснинг хатти-ҳаракатига, хусусан унинг жабрланувчига тиббий ёрдам кўрсатиш учун қилган ҳаракатлари, жабрланувчи ва унинг оиласига моддий ва бошқа тарзда ёрдам берганлиги, жиноят натижасига етказилган моддий ва маънавий зарарни қоплаганлиги, жазони енгиллаштирувчи ёки оғирлаштирувчи бошқа ҳолатларга алоҳида эътибор беришлари лозим.
Бу бир томондан, айбдор, унинг ҳимоячиси ёки яқин қариндошларида йўл транспорт ҳодисаси натижасида юзага келган салбий оқибатлар бартараф этилган тақдирда айбдорга нисбатан енгиллик берилиши мумкинлиги ҳиссини туғдирса, иккинчи томондан жабрланувчининг бузилган ҳуқуқ ва манфаатларини ортиқча оворагарчиликларсиз, тез кунларда тикланишига хизмат қилади. Бу пировард натижада мамлакатимизда амалга оширилаётган либераллаштириш сиёсатига мувофиқ бўлади.
Шунингдек, ташкилот, корхона, муассасаларда хизмат вазифаларини бажаришга виждонсиз муносабатда бўлиш, транспорт воситаларининг қониқарсиз аҳволи, меҳнат ва ижро интизомини бузиш, автомобиль йўллари, кўчалар, темир йўлдан ўтиш жойлари ва бошқа йўл иншоотларини сақлаш қоидаларини бузиш каби жиноят содир этилишига имкон яратиб берган ҳоллар аниқланганда, судлар хусусий ажрим чиқариш йўли билан тегишли давлат органлари мансабдор шахслари эътиборини шу ҳолатларга қаратишлари, шунингдек иш бўйича автомобиль йўллари, кўчалар, темир йўлдан ўтиш жойлари ва бошқа йўл иншоотларини сақлаш қоидаларининг қўпол равишда бузилиши, яъни йўлларнинг чўкиши, ер ости иншоотлари люкларининг очиқ қолдирилиши, огоҳлантирувчи белгилар қўйилмаганлиги ҳолатлари аниқланиб, ушбу ҳолатлар Жиноят кодексининг 266-моддасида назарда тутилган оқибатларни келтириб чиқарган йўл-транспорт ҳодисаси учун шароит туғдирган бўлса, судлар мазкур қоидаларга риоя этилишига масъул шахслар ҳаракатига ҳуқуқий баҳо бериш учун тегишли материалларни прокурорга юборишлари лозим.
Хулоса қилиб айтганда, транспорт ҳаракати ва ундан фойдаланиш хавфсизлигини таъминлаш йўлларда бахтсиз ҳодисалар сонини камайтириш – фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилишнинг муҳим омилидир.
А.Рахматов,
Жиноят ишлари бўйича Бойсун туман судининг раиси
Жиноят ишлари бўйича Денов туман судининг судьяси Ж.Хурсандов
Izoh qoldiring
Sizning elektron pochta manzilingiz nashr etilmaydi. Majburiy maydonlar * bilan belgilangan