Алкоголь ва тамаки маҳсулотлари билан боғлиқ қандай чекловлар ўрнатиляпти?

Алкоголь ва тамаки маҳсулотлари билан боғлиқ қандай чекловлар ўрнатиляпти?

2021 йил 3 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.

Қонун лойиҳаси алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш механизмларини такомиллаштириш мақсадида ишлаб чиқилган.

Мазкур ҳужжат билан алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, тамаки ҳамда никотин истеъмол қилиш учун мосламаларни реализация қилишга доир чекловлар кенгайтирилмоқда. Жумладан, бундай маҳсулот ва мосламаларни йигирма бир ёшга тўлмаган шахсларга ва йигирма бир ёшга тўлмаган шахслар томонидан, савдо автоматлари орқали, электрон тижорат шаклида, сайёр ва тарқатма (қўлда, лотокларда, саватчаларда, қўл аравачаларида) савдо йўли билан, масофавий сотиш усулида, турғун савдо объектларидан ташқарида, дорихоналарда, болалар учун товарларни реализация қилишга мўлжалланган хоналарда, болалар ўйинчоқлари, конфетлар ёки болалар учун мўлжалланган бошқа товарларига ўхшатиб ишланган бўлса, истеъмол ўровида йигирма донадан кам сигарета бўлса реализация қилишни тақиқлаш кўзда тутилмоқда.

Мажлисда таъкидланганидек, ўтган вақт мобайнида қонун лойиҳаси қўмита томонидан ўтказилган семинар ва давра суҳбатларида илгари сурилган таклифлар, депутатлар берган тавсиялар асосида маромига етказилди. Қонунчилик техникасидан келиб чиққан ҳолда лойиҳанинг баъзи бир моддалари ўзаро мувофиқлаштирилиб, таркибий жиҳатдан тузатишлар киритилди.

Лойиҳада алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш мумкин бўлмаган жамоат жойларнинг аниқ рўйхати кўрсатилиб, чекиш учун ажратилган махсус жойларга минимал талаблар белгиланмоқда. Ўз навбатида, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларининг мажбуриятлари қонун лойиҳасида ўз аксини топяпти. Хусусан, ноқонуний айламанинг олдини олиш учун импорт қилувчи ва ишлаб чиқарувчилар томонидан маҳсулотларни рақамли маркировкалаш, ишлаб чиқариш ҳажмлари ва айланмасини ҳисобга олиш ахборот тизимларининг татбиқ этилиши кўзда тутилмоқда.

Мажлисда қонун лойиҳаси халқ вакиллари томонидан қизғин муҳокама этилди ва баҳсли бўлган айрим моддаларга таклифлар берилди. Билдирилган таклифларни инобатга олган ҳолда, лойиҳани янада такомиллаштириш мақсадга мувофиқ деб топилди.

Posts Carousel

Izoh qoldiring

Sizning elektron pochta manzilingiz nashr etilmaydi. Majburiy maydonlar * bilan belgilangan

Latest Posts

Top Authors

Most Commented

Featured Videos