Бугунги кунда илк бор Ўзбекистон олий таълим муассасалари орасида Тошкент давлат стоматология институти дунё тан олган Бутунжаҳон тиббий таълим федерацияси томонидан (WFME президенти Дэвид Гордоннинг тавсияси, экспертлар хулосаси ва талаблари асосида) халқаро аккредитациядан ўтди.
Эндиликда Тошкент давлат стоматология институти битирувчиларининг дипломи жаҳон миқёсида тан олинади.
Мазкур халқаро аккредитация Ўзбекистондаги таълим дастурларининг халқаро сифат стандартларига мослигини баҳолаш жараёни бўлиб, Олий таълим сифати кафолати Европа ассоциацияси (ENQA) аъзоси ва Сифат кафолати агентликлари Европа реестрида (EQAR) мавжуд мустақил хорижий агентлик томонидан ўтказилди.
Бу эътироф институт жамоаси учун халқаро таълим майдонида имкониятларни кенгайтиради. Хусусан, таълим дастурларининг дунё ҳамжамияти томонидан тан олиниши, хорижий ОТМлар билан ҳамкорлик ўрнатиш ва ривожлантириш, таълим жараёнлари ошкоралиги ва очиқлигини таъминлаш, битирувчилар компетентлигини оширишга хизмат қилади.
Тошкент давлат стоматология институтига халқаро акрредитация сертификатини топширишга бағишлаб ўтказилган тадбирда Соғлиқни сақлаш вазири Б. Мусаев ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазири А. Тошқулов иштирок этди.
Эслатиб ўтамиз, бугунги кунда Тошкент давлат стоматология институти дунёдаги 20 дан ортиқ ривожланган мамлакатларнинг 100 дан ортиқ етакчи хорижий ОТМ ва илмий марказлари билан ҳамкорликни йўлга қўйган. Халқаро сифат менежменти — ISO 9001:20.15 сертификати ҳамда Финландиянинг JAMK университети билан ҳамкорликдаги “Тиббиёт ва инновациялар” илмий-амалий журналига эга.
Izoh qoldiring
Sizning elektron pochta manzilingiz nashr etilmaydi. Majburiy maydonlar * bilan belgilangan