Хабарингиз бор, Давлатимиз раҳбари томонидан “Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий ҳимоясини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинган эди. Мазкур қарорга мувофиқ, 2021-йил декабр ойида “Темир дафтар” рўйхатида бўлган оилаларга, 18 ёшга тўлмаган фарзандлари бор боқувчисини йўқотганлик пенсияси ёки нафақасини олувчи оилаларга ҳамда 18 ёшгача болалар учун ногиронлик нафақасини олувчи оилаларга 800 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам кўрсатилиши белгилаб қўйилганди.
Қарор ижросини таъминлаш мақсадида айни кунларда Сурхондарё вилояти 4-сектор ҳудудида истиқомат қилиб келаётган ушбу тоифадаги фуқароларга бир марталик моддий ёрдам пуллари етказиб берилмоқда.
Худди шундай, куни кеча Сурхондарё вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи, 4-сектор раҳбари Эркин Нарманов Термиз шаҳар “Фарҳод” маҳалласида истиқомат қилиб келаётган айни пайтда “Темир дафтар”да рўйхатда турувчи Санам Бабамуротованинг хонадонида бўлди. Хонадон эгаларини бетакрор диёримизга кириб келаётган янги йил байрами билан чин қалбдан табриклаб, барчаларига сиҳат-саломатлик, тинчлик-хотиржамлик, бахту саодат ва фаровонлик тилади. Уларга Президентимизнинг янги йил табригини ўқиб эшиттириб, 800 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам пули, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда байрам совғаларини топширди.
Бошқарма бошлиғининг навбатдаги манзили ушбу маҳаллада истиқомат қилиб келаётган фуқаро Зебохон Алимованинг хонадони бўлди. 4-сектор раҳбари уларни ҳам янги йил айёми билан қутлаб, 800 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам пули, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда байрам совғаларини топширди. Президентимиз табриги, моддий ёрдам маблағлари ҳамда совғаларни ўз эгаларига етказиш ишлари воҳа бўйлаб давом этмоқда.
Сурхондарё вилояти ДСБ Матбуот хизмати
Izoh qoldiring
Sizning elektron pochta manzilingiz nashr etilmaydi. Majburiy maydonlar * bilan belgilangan