Сурхондарё вилояти давлат солиқ бошқармасида Юртбошимизнинг жорий йил 27 январь кунидаги “Хизматлар соҳасини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳамда “E-aktiv” автоматлаштирилган ахборот тизими ва мол-мулк солиғига оид қўшимча ўзгаришлар асосида берилаётган солиқ имтиёзлари билан тадбиркорларни яқиндан таништириш мақсадида семинар ташкил этилди.
Меҳмонхона фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари иштирокида ўтказилган семинарда ижтимоий солиқ, мол-мулк ва ер солиғи ҳамда фойда солиғи билан боғлиқ ўзгаришлар юзасидан маълумотлар берилди. Таъкидланганидек, 2022 йил 1 апрелдан 2025 йил 1 январга қадар чакана савдо ва умумий овқатланиш, меҳмонхона (жойлаштириш) хизматлари, автотранспортда йўловчи ва юк ташиш, транспорт воситаларини таъмирлаш ва уларга техник хизматлар кўрсатиш, компьютер хизматлари, маиший техникани таъмирлаш, агро ва ветеринария хизматларини кўрсатувчи ҳамда кўнгилочар масканларда хизматлар кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари учун ижтимоий солиқ ставкасини 12 фоиздан 1 фоизга туширилиши тадбиркорларга фаолиятларини кенгайтириш ва янги иш ўринларини яратиш имконини беради.- Бизнинг “Termez Palace” меҳмонхонасида 60 га яқин ишчи-ходимлар фаолият кўрсатади дейди, – меҳмонхона ҳисобчиси Севиля Элисова. Жорий йилнинг апрель ойидан бошлаб ижтимоий солиқ ставкасининг 1 фоизга туширилиши ишчилар сонини ошириш ва хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш имконини беради.
Тадбиркорларга шунингдек, 2022 йил 1 январдан бошлаб 2027 йил 1 январга қадар мехмонхона (жойлаштириш воситалари) ва майдони 5 минг квадрат метрдан юқори бўлган савдо комплекслари (шу жумладан, улар эгаллаган ер участкалари) бўйича юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ва юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкаларини 90 фоизга камайтирилиши ва ушбу имтиёз 2027 йил 1 январгача янгидан қуриладиган объектларга (шу жумладан, улар эгаллаган ер участкасига) нисбатан улар фойдаланишга топширилган ойдан бошлаб 5 йил муддат давомида қўлланилиши тўғрисида ҳам тушунтириш берилди. Шунингдек, фойда солиғини ҳисоблашда биноларнинг қийматини икки йил давомида амартизация харажатлари сифатида чегириш ҳуқуқи мавжудлиги қайд этилди. Бундан ташқари тадбиркорларга берилаётган имтиёз ва енгилликларга қарамай ходимлар сонини яшириш ҳолатлари аниқланганда, мазкур солиқ имтиёзларининг амал қилиши тўхтатилиши ва қонунчиликда белгиланган тартибда молиявий санкциялар қўлланилиши юзасидан ҳам тушунтиришлар берилди.
Сурхондарё вилояти ДСБ Матбуот хизмати
Izoh qoldiring
Sizning elektron pochta manzilingiz nashr etilmaydi. Majburiy maydonlar * bilan belgilangan