26.02.2022
Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди, шаҳар прокуратураси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Термиз шаҳар бўлими ҳамкорлигида сайёр суд ташкил этилди.
Сайёр суд мажлисида вояга етмаган фарзандлари учун алиментни тўлашдан бўйин товлаган беш нафар шахсларга нисбатан жавобгарлик масаласи кўриб чиқилди.
Иш ҳужжатлари таҳлил қилинганда, қарздорлар Давлат ижрочисининг бир неча бор огоҳлантиришларига қарамай алимент пулларини тўлашни пайсалга солиб, алимент тўловидан қочиб юрганлиги аниқланди.
Улардан бири, Термиз шаҳар “Тўпроққўрғон” маҳалласида яшовчи қарздор Ф.А бўлиб, фуқаролик ишлари бўйича Термиз шаҳар судининг 2021 йил 14 сентябрдаги буйруғига кўра, ундирувчи Ю.О фойдасига уч нафар вояга етмаган фарзандларининг таъминоти учун ½ қисм миқдорида алимент ундириш белгиланган бўлиб, қарздор Ф.А. беш ойдан ортиқ муддат мабойнида моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган фарзандларига 2.679.888 сўмлик алимент тўлови тўлашдан бўйин товлаган.
Суд мажлисида фарзанди олдидаги масъулиятини эсидан чиқариб, оталик бурчини унутган ҳуқуқбузарлар суд қарори билан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 474-моддаси билан айбдор деб топилиб, уларнинг ҳар бирига нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланиб, жазо муқаррарлиги таъминланди.
Конституциямизнинг 64-моддасида, Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурилиги кўрсатиб ўтилган.
Шундай экан, ҳар бир ота-она болалар давлатимизнинг эртанги келажаги эканлигини чуқур ҳис этган ҳолда оилада соғлом муҳит яратишга масъул эканлигинини унутмаслиги керак.
Икром Шайманов,
Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судининг раиси
Izoh qoldiring
Sizning elektron pochta manzilingiz nashr etilmaydi. Majburiy maydonlar * bilan belgilangan