Сурхондарё вилояти давлат солиқ бошқармаси томонидан “Намунали солиқ тўловчи – иқтисодиёт таянчи” мавзусида ташкил этилган пресс-турда ОАВ вакиллари, журналистлар ва блогерлар Термиз шаҳрида фаолият кўрсатиб келаётган “Afghan Bazar Silk Carpets Asia” МЧЖ қўшма корхонаси фаолияти билан яқиндан танишишди.
Лойиҳа қиймати 5 миллион долларни ташкил этувчи ушбу корхона фаолияти 2021 йилнинг июн ойида йўлга қўйилган бўлиб, унда 40 дан ортиқ хотин-қизлар меҳнат қилиб келмоқдалар. 30 дан ортиқ қизлар эса устоз-шогирд анъанаси асосида гилам тўқиш сир-асрорларини ўрганмоқдалар.
Аҳамиятли жиҳати, бу ерда тайёрланаётган гиламлар 100 фоиз қўл меҳнати асосида жун, ипак ва пахта аралашмаларидан тайёрланиб, соғлиқ учун фойдаси катта. Шунингдек мазкур гиламлар ўзининг экологик жиҳатдан тозалиги, майинлиги ҳамда сифати билан ҳам маълум ва машҳурдир.
- Ҳозирда корхонада 50 дан ортиқ дастгоҳлар ўрнатилган бўлиб, уларда мижозларнинг талаб ва истакларига кўра турли нусхаларда гиламлар тўқилмоқда, – дейди “Afghan Bazar Silk Carpets Asia” МЧЖ қўшма корхонаси иш бошқарувчиси Зоҳир Вализода. – Қўл меҳнати асосида тайёрланаётган бежирим ва пишиқ гиламлар айниқса хорижий давлатларда харидоргир бўлиб, ўтган йилнинг қисқа вақти мобайнида 1 миллион доллар қийматдаги маҳсулотлар Италия, АҚШ ва Германия давлатларига экспорт қилинди.
2021 йилда гилам тўқиш учун хомашё қўшни Афғонистон республикасидан келтириларди. Жорий йилдан бошлаб юртимиздаги қоракўлчилик корхоналари билан шартномалар тузилиб, зарурий хомашёлар маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан етказиб берилмоқда.
Сурхондарё вилояти ДСБ Матбуот хизмати
Izoh qoldiring
Sizning elektron pochta manzilingiz nashr etilmaydi. Majburiy maydonlar * bilan belgilangan