ДАВЛАТ СОЛИҚ ҚЎМИТАСИ РАҲБАРИЯТИ ИШТИРОКИДАГИ НАВБАТДАГИ УЧРАШУВЛАР БОШЛАНДИ

ДАВЛАТ СОЛИҚ ҚЎМИТАСИ РАҲБАРИЯТИ ИШТИРОКИДАГИ НАВБАТДАГИ УЧРАШУВЛАР БОШЛАНДИ

Юртбошимиз жорий йилнинг 16-март куни Давлат солиқ қўмитасига ташрифи чоғида соҳани такомиллаштириш, хусусан солиқ тизимини рақамлаштириш, солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатиш сифати ва кўламини ошириш, шунингдек, “Солиқчи – кўмакчи” тамойили асосида тадбиркорлар билан бевосита мулоқотга киришиб, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва солиқ қонунчилигидаги ўзгаришларни тушунтириш юзасидан бир қатор топшириқлар берганди.

Мазкур топшириқлар ижросини таъминлаш, хусусан тадбиркорлар билан бевосита мулоқот қилиш мақсадида Давлат солиқ қўмитаси раҳбарияти жойларда бўлиб, солиқ тўловчилар билан учрашмоқдалар.

Сурхондарё вилоятида фаолият юритаётган тадбиркорлар билан учрашувлар ҳам Шеробод, Бойсун ва Қизириқ туманлари солиқ тўловчилари иштирокида бошланди.

Унда Давлат солиқ қўмитаси раисининг ўринбосари Сирожиддин Эшматов ва соҳа мутахассислари солиқ қонунчилигига оид янгиликлар, соҳани рақамлаштириш борасида олиб борилаётган ишлар, Солиқ кодексига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида атрофлича маълумот беришди.

Шундан сўнг тадбиркорлар фаолиятлари давомида дуч келаётган муаммолар ҳақида сўзлаб, автоматлаштирилган ахборот тизимлари, қўшилган қиймат солиғи, онлайн назорат-касса техникалари, мол-мулк ва ер солиқлари билан боғлиқ саволларига ойдинлик киритишди.

  • Йил бошидан буён солиқ мутахассислари иштирокида бир қанча семинар ва учрашувлар ўтказиб келинмоқда. – дейди, тадбиркор Беҳруз Қурбонов. Уларда 2022-йилдан эътиборан, солиқ солиш тартибидаги ўзгаришлар, автоматлаштирилган ахборот тизимларидан фойдаланиш тартиби, айрим соҳаларни ривожлантириш мақсадида берилаётган солиқ имтиёзлари тўғрисида батафсил маълумотлар берилмоқда. Бугун мана навбатдаги учрашувимиз Давлат солиқ қўмитаси раисининг ўринбосари ва соҳа мутахассислари иштирокида ўтказилди. Мулоқот давомида ўзгаришлар билан бир қаторда солиқ ҳисоботларини тўғри юритиш тўғрисида тушунтиришлар берилди. Аҳамиятлиси солиқ ходимлари нафақат учрашувлар давомида, балки корхонамизга ҳам келиб, янги дастурлардан фойдаланиш ва ҳисоботларни топшириш тартибларини амалда кўрсатиб беришмоқда. Бу эса хато ва камчиликларни ўз вақтида тўғрилаш ҳамда фаолиятимизни тўғри юритиш имконини бермоқда.

“Солиқчи – кўмакчи” тамойили асосида олиб борилаётган ишлардан кўзланган мақсад ҳам айни шу. Тадбиркорларга ҳар томонлама кўмаклашиш, уларнинг солиққа оид билимларини ошириш ва эмин-эркин фаолият юритишларини таъминлашдир.

Сурхондарё вилояти ДСБ Матбуот хизмати

Posts Carousel

Izoh qoldiring

Sizning elektron pochta manzilingiz nashr etilmaydi. Majburiy maydonlar * bilan belgilangan

Latest Posts

Top Authors

Most Commented

Featured Videos