Дунёнинг энг ривожланган гастрономиясига эга бўлган Истанбул шаҳри “Michelin Guide” оиласига қўшилади. Дунёдаги энг нуфузли ресторанлар рейтинги ташкилоти ҳисобланган “Michelin Guide”нинг “Gastrocity Istanbul” танлови доирасида шу йилнинг 11-октябрида Истанбулнинг биринчи “Michelin” юлдузли ресторанлари эълон қилинади.
Дунёнинг етакчи гастрономик туризм марказларидан бири саналган Истанбул, меҳмонларга шаҳарнинг нафис ресторанларида узоқ йиллар давомида шакллантирилган қадимий ошхона маданиятини таклиф этади.
Тарих давомида империялар пойтахти бўлган Истанбул узоқ вақтдан бери қитъаларни қамраб олган гастрономик анъаналарнинг пойдевори, шунингдек, машҳур сарой ошхоналарининг ватани бўлиб келган. “Michelin Guidе” ўтмиш ва келажакни бирлаштирган ижодий, динамик ва ўзига хос ошхона маданиятини намойиш этувчи гастро-сайёҳлар учун Истанбул ошхонасини ёритиб беради.
1900-йиллардан бери меҳмонларга анъанавий таомлар билан бир қаторда энг зўр халқаро ошхонадан баҳраманд бўлиш имкониятини тақдим этувчи глобал метропол бўлган Истанбул, дунёдаги энг нуфузли ресторанларни баҳолаш тизимларидан бири бўлган “Michelin Guide”нинг эътиборига тушган 38-шаҳар бўлди. Истанбулнинг биринчи “Michelin” юлдузли ресторанлари 11 октябрь куни эълон қилинади.
Туркия Республикаси Маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой “Мichelin” таркибига қўшилиш мақсадида Истанбул учун ўтказилган йиғилишда сўзга чиқиб, дунёнинг энг кўп ташриф буюриладиган шаҳарларидан бири бўлган Истанбулни «гастрошаҳар» сифатида танитишга қаратилган тадбирлар туристларни қизиқтиришини таъкидлади. “Michelin” Guide халқаро директори Гвендал Поулленнес, Истанбулнинг “Michelin” оиласига қўшилишидан мамнунлигини билдирар экан, “Истанбул ўзининг тарихи, маданияти ва маданиятлараро ўзига хослиги билан асрлар давомида дунёни ҳайратда қолдирган. Қадимий анъаналар ва ўзига хос таъмни шакллантирадиган ёш, очиқ фикрли ва ижодкор истеъдодларга бой Истанбулнинг ошпазлари жамоамизни ҳайратда қолдирди” – деди.
“Michelin Guide” нинг Истанбул танлови гастро туристларни Туркияга жалб қилиши, мамлакатнинг дунёнинг етакчи гастрономик марказлари орасида муносиб ўрин эгаллаши ва Истанбулнинг бренд қийматини ошириши кутилмоқда.
“Michelin Guide” нинг Истанбул танлови, Истанбулнинг моҳир ошпазлари ва бой менюлари билан эътиборни тортадиган озиқ-овқат ва ичимликлар бизнесини дунёга тарғиб қилишда шаҳарнинг дунё гастрономия пойтахтлари орасида аҳамиятини янада оширади.