Фирибгарлик нима ўзи?

Фирибгарлик нима ўзи?

Фирибгарлик жинояти иқтисодиёт соҳасидаги жиноятлар жумласига кириб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддасида мазкур жиноятга таъриф берилган.
           Фирибгарлик-алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли орқали ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкка бўлган ҳуқуқини қўлга киритиш демакдир.
            Алдаш-бу айбдор томонидан жабрланувчининг мулкини ёки мулкка бўлган ҳуқуқини қўлга киритиш мақсадида ҳақиқатга тўғри келмайдиган ёлғон маълумотлардан фойдаланиш ёки мулк эгаси билиши лозим бўлган ҳақиқий фактларни яшириш тушунилади.
            Ишончни суиистеъмол қилиш-айбдорнинг мулк эгаси билан ўртасидаги ишончли муносабатларда ғаразли мақсадларда фойдаланишдир. Ишончга турли ҳолатлар масалан айбдор шахсининг хизмат мавқеи ёки унинг шахсий ёки қариндошлик муносабатлари сабаб бўлиши мумкин.
           Сўнгги йилларда фирибгарлик жиноятнинг умумий жиноятчиликдаги салмоғи оритиб бораётганлиги сабабли 2016 йил 26 декабрь кунидаги Қонун билан Жиноят Кодексининг 168-моддасидаги жиноий жавобгарлик оғирлаштирилди.
           Унга кўра мазкур турдаги жиноят содир қилган шахсларга нисбатан агарда жиноят натижасида етказилган моддий зарарлар жабрланувчиларга тўлиқ қоплаб берилмаса, 3 йилдан 15 йилга қадар озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан жазоланиши белгилаб қўйилди.
           Лекин, шунга қарамасдан аксарият ҳоларда айнан жабрланувчиларнинг соддалиги, ишонувчанлиги ва бепарволиги натижасида мазкур жиноятлар ҳали ҳам кўплаб содир этиб келинмоқда.
Фирибгарликнинг бошқа мулкий жиноятлардан фарқи – фирибгарликда жабрланганлар фирибгарга мол-мулкини, мол-мулкка бўлган ҳуқуқини ўз хоҳиши билан топширади.Фуқаролар пулларини ўз қўллари билан олиб келиб беради. Жабрланганларнинг аксарияти енгил бойиб кетиш, қонуний йўллар орқали эришиши мумкин бўлгани мақсадларига осонлик билан етишишлари тўғрисидаги фикр улар мулкларини осон ва ўйламаган ҳолда фирибгар тасарруфига ўтказишларига ва натижада улар ўзлари эмас, айнан фирибгарлар осон йўллар билан даромад орттиришларига йўл очиб берадилар. Шунингдек, фирибгарларда актёрлик қобилияти ҳам бўлади. Шу сабабли “Фирибгарлик” жиноятлари ақлли жиноятлар турига ҳам кириб улгурган.
Жиноят ишлари бўйича Бойсун туман судида биргина ўтган йилнинг ўзида 26 нафар шахсга нисбатдан 22 та жиноят ишлари кўрилган.
Жумладан, Судланувчи F.А.З, фирибгарлик жиноятини содир этиш мақсадида Т.Д.Х ва Х.Р.Л билан ўзаро жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб, маъсулияти чекланган жамият ташкил қилишиб, ўзи МЧЖ директори, Т.Д.Х таъсисчи, Х.Р.Л проректор сифатида фаолиятини бошлаб, ушбу МЧЖнинг хусусий университет сифатида фаолият юритиш учун махсус лицензияси бўлмасада, интернет тармоқларидаги “Телеграмм” мессенжери орқали хусусий университет каналини ташкил қилиб, фуқароларга ўзлари томонидан ташкил қилинган хусусий университетнинг Марказий Осиё ва Европа давлатларидаги университетлар билан ҳамкорлик қилиши, қабул қилинган талабалар чет-эл университетларида онлайн тарзда ўқишлари ва бутун дунёда қабул қилинадиган ҳамда Ўзбекистон Республикасида тан олинадиган дипломларга эга бўлиши ҳақидаги сохта маълумотларни ижтимоий тармоқлар орқали тарқатишиб, ушбу университетга ўқишга кириш бўйича мурожаат қилиб келган фуқароларнинг ишончига кириш мақсадида МЧЖга давлат хизматлари маркази томонидан тадбиркорлик фаолиятини олиб бориш учун берилган гувоҳномани кўрсатиб алдаб, фуқароларнинг ишончига кириб, ўз хизмат мавқеидан фойдаланишиб,
2022 йил давомида 42 нафар фуқаролардан 170.млн сўм миқдордаги сўм пул маблағларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритишган. Судланувчиларга нисбатдан жиноят ишлари бўйича Бойсун туман суди томонидан суд 2022 йилнинг ноябрь ойида суд ҳукми ўқилиб, судланувчиларга нисбатдан жазо тайинланиб, жабрланувчи фуқароларга нисбатдан етказилган моддий зарарлар судланувчилар томонидан қайтарилиши белгиланди.
           Шу ўринда фирибгарлик жинояти қурбони бўлмаслигингиз учун ўзга шахсларнинг турли ёлғон ваъда ва кафолатларига ишониб қолмаслик, ўз пул маблағларингиз ва мулкларингизни бошқа шахсларга топширишда ҳар тарафлама, чуқур хулоса қилган ҳолда иш кўришингизни, мазкур жиноятдан ҳимояланиш биринчи навбатда ўзингизга боғлиқ эканлигини унутманг!

Жиноят ишлари бўйича
Бойсун туман судининг раиси А.Рахматов

Posts Carousel

Izoh qoldiring

Sizning elektron pochta manzilingiz nashr etilmaydi. Majburiy maydonlar * bilan belgilangan

Latest Posts

Top Authors

Most Commented

Featured Videos