Гиёҳвандликка қарши курашиш – барчамизнинг бурчимиз!!!

  2022-2023 йилда республикамизда гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ 4500 тадан ортиқ жиноий ҳолат аниқланган бўлса, бу турдаги жиноятни содир этган 3500га яқин шахс ушланган. Улардан 800 нафарини 14-29 ёшда бўлганлар ташкил этади. Янаям ёмони, 38 нафар талаба ва ўқувчи гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноятларга қўл урган.
  Мамлакатимизда улкан ўзгаришлар рўй бераётган, ёшлар жамият ҳаётида тобора фаоллашиб, ўз ўрнига эга бўлиб бораётган бир вақтда айрим иродаси суст ўсмирларимиз гиёҳвандлик балосига мубтало бўлаётгани барчамизни ташвишга солади. Зеро, оғу инсон жисмини қанчалик хароб қилса, худди шундай жамиятга ҳам мислсиз даражада зарар этказади. Аср вабоси деб аталаётган бу иллат тинч-тотув яшаётган оилаларни бузади, болаларни этим қилади, муҳтожлик, қашшоқликда яшашга мажбур этади. Оқибати эса, албатта, аянчли якунланади.
  Гиёҳвандлик воситаларини, қайси тури бўлмасин, истеъмол қилишни бошлаган шахс аввалига унга ўрганиш ҳосил қилишини барчамиз биламиз. Аммо бир бир йил ўтар-ўтмас гиёҳванд меҳнатга яроқсиз ҳолатга келиб қолади. Натижада жиноятга қўл уришга мажбур бўлади. Яъни, навбатдаги гиёҳвандлик воситасини қабул қилиш мақсадида ўғирликни ўз уйидан – оиласидан бошлайди.
  Гиёҳвандлик ОИТС, гепатит, сил каби оғир ва бедаво хасталикларнинг тарқалишига ҳам сабаб бўлади.
  Тажрибалар шуни кўрсатмоқдаки, гиёҳвандликка илк бор қадам қўйиш ёшларда кўпроқ 11-17 ёшлар ўртасида кузатилади. Бу пайтда фожианинг олдини олиш нисбатан осонроқ.
  Сўнг иккинчи давр бошланади. Бунда ёшлар бир ёки бир неча марта гиёҳвандлик воситасини истеъмол қилиб кўрадилар. Кейинчалик эса унинг «қули»га айланишади. Уларнинг фикри-зикри ҳар қандай йўл билан, ҳатто жиноят содир этиб бўлсада, ўз эҳтиёжларини қондириш учун оғу топиш бўлиб қолади.
  Ёмон йўлдан қайтиб, тўғри йўлга кириш учун ҳар қандай инсон имкон топа олади. Имкон топмаганлар эса жаҳолат гирдобига ботадилар, ҳаётларини барбод қиладилар.
  Шу ўринда, гиёҳвандлик балоси авж олишига хорижда ишлаб чиқарилган жангари, ахлоқсизликни тарғиб этувчи филъмлар ҳам катта «ҳисса» қўшаётганлигини қайд этиш жоиз. Тунги барларда то тонг отгунча кечадиган жазавали шовқин-сурону маишатлар ҳам айрим оғуфурушларга қўл келмоқда. Айрим ёшлар уларнинг «тўри»га осонгина илинмоқда.
  Гиёҳвандлик ва гиёҳфурушлик ёш авлод тарбиясига, инсоният келажагига катта зиён этказаётгани бутун дунё ҳамжамиятини ташвишга солмоқда. Шу сабабли бу офатга қарши кураш ҳозирда ер куррасидаги глобал муаммолардан бирига айланди.
  Аср вабосига қарши курашиш – барчамизнинг бурчимиз. Ўзини шу юрт фарзандиман, деб билган ҳар бир фуқаро бу ҳаракатдан четда турмаслиги керак. Мазкур жараён умуммиллий курашга айланмоғи шарт. Шундагина минглаб ёшларимизнинг келажагини, оилаларимиз осойишталигини сақлаб қолган бўламиз.

                           Б.Баратов

Posts Carousel

Izoh qoldiring

Sizning elektron pochta manzilingiz nashr etilmaydi. Majburiy maydonlar * bilan belgilangan

Latest Posts

Top Authors

Most Commented

Featured Videos