Мақсадимиз оилаларни асраш

Мақсадимиз оилаларни асраш

Оила-жамиятнинг кичик бир бўғини. Бу мўъжаз ватан умримизга мазмун, ҳаётимизга файз бағишлайди. Унинг оташин меҳридан қониб ўсган фарзандлар келажакда баркамол инсон бўлиб улғаяди. Шу боис ҳам оила жамият равнақи, юрт тараққиётида муҳим ўринга эга. Оила аталмиш қўрғоннинг парчаланганлиги ҳақида сўз борганда киши беихтиёр ташвишга тушади. Сабаби, оиладаги мурғак гўдак тақдирига ҳеч ким эътиборсиз бўлолмайди. Энг ачинарлиси, унинг кўнгили ўксик, қадди эгик бўлиб улғаяди. Ҳаётимизда кўп бора кузатганмиз, ҳуқуқбузарлик, жиноят содир этган шахсларнинг аксарияти ана шундай муҳитда улғайган шахслардир.
Ажрим сабаб яна бир ҳолат яъни вояга етмаган болаларнинг моддий таъминоти учун алимент ундириш муаммоси юзага келади. Бу муаммо ечимини сўраб судга мурожаат қилувчилар сони афсуски кўпайиб бормоқда. Бундай кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Ангор туманида тадбир ташкил этилди. Унда туман ҳокими Усмон Турапов, туман прокурори Жасур Раҳимов, ҳоким ўринбосари Шоира Ражапова, туман маъмурий суди раиси Нилуфар Бобомуродова, Жиноят ишлари бўйича туман суди раиси Камолиддин Хидиров, МИБ туман бўлими бошлиғи Олим Холмўминов ҳамда алимент тўловчи қарздорлар иштирок этди. Дастлаб, туман ҳокими Усмон Турапов оилалар ўртасидаги ажримлар жамиятимизнинг энг оғриқли нуқтаси эканлиги ҳақида тўхталиб ўтди.
Шундан сўнг, сайёр суд бўлиб ўтди. Унда вояга етмаган болаларнинг моддий таъминоти учун алимент ундиришдан бош тортиб келган 3 нафар судланувчига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 122-моддасига асосан тўпланган ҳужжатлари бўйича суд муҳокамаси ўтказилди. Бундан ташқари 13 нафар ҳуқуқбузарга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 47-4 моддасига кўра жазо тайинланди.
Тадбир давомида ажрим ёқасига келиб қолган оилалар ўртасида ўтказилган тушунтиришлар самара бериб ўз оиласини асраб қолиш истагида бўлганлар яраштириб қўйилди.
Албатта, судга вояга етмаган болаларнинг моддий таъминоти учун алимент ундириш бўйича келиб тушган аризалар сайёр суд кўринишида ўтказилиши бежизга эмас. Ажрашмоқчи бўлган оилалар вояга етаётган фарзандларнинг тақдирига бефарқ бўлмаслиги, уларнинг келажакда Ватан учун керакли инсон бўлиб етиши ва ҳаётда ўз ўрнига эга бўлишида ота-она бирдек масъул эканлиги ҳис қилишлари керак. Бу каби тадбирлар давом эттирилади.

Гавҳар Жумаева

Posts Carousel

Izoh qoldiring

Sizning elektron pochta manzilingiz nashr etilmaydi. Majburiy maydonlar * bilan belgilangan

Latest Posts

Top Authors

Most Commented

Featured Videos