Халит Эргенч 2011 йили экранда буюк турк султони Сулаймон I образида намоён бўлди. У бу лойиҳада тўрт йил давомида бош қаҳрамонни ижро этиб келди ва айнан шу телесериал уни халқаро миқёсдаги киноюлдузга айлантирди. Ўзининг таъкидлашича, Халит тушларида ҳам бир неча маротаба ўзини султон Сулаймон қиёфасида еўрган. Умуман олганда, бу бежизга эмас. Сабаби, актёр ролни нафақат қойиллатиб ижро этди, балки унга сингиб кетганди.
Халит Эргенч 1970 йилнинг 30 апрелида Туркиянинг Истанбул шаҳрида дунёга келган. Халит Отатурк номидаги лицейда таълим олади. Лицейдан сўнг Истанбул техника университетига ўқишга киради. Лекин бир йилдан сўнг умуман бошқа касбни танлаб қўйганини ҳис этади ва университетни ташлаб кетади. Кейинроқ Меъмор Синан номидаги университетга кириб, операдан сабоқ олади. Ўқиш билан бир қаторда Халит компютер оператори, маркетолог, Ойша Пеккан ва Леман Сам каби машҳур турк хонандаларининг бек-вокалчиси бўлиб ишлайди.
1996 йили Халит дебют лойиҳалари устида ишлайди. У бир пайтнинг ўзида бир нечта лойиҳада иш бошлайди. Катта умид бераётган актёрни «Дормен» театрига ишга қабул қилишади. Айнан шу теартда «Қирол ва мен» мюзиклида биринчи бош ролини ўйнайди. Шу йилнинг ўзида Халит телевидениэга ишга кириб, «Ширин қизлар» сериалида суратга тушади. Ушбу лойиҳа яхши натижага эриша олмайди. Аммо шу йили Халит яна бир «Қора фаришта» сериалида суратга тушади ва тез орада машҳур бўлиб кетади.
Халит телевидениэдаги иши билан театрдаги фаолиятини бирдай омадли олиб боради. Иккита сериал ҳамда бир нечта театр постановкаларида суратга тушгач, Халит 1998 йили АҚШга йўл олади. Халит АҚШда яшаб, «Закнинг саргузаштлари» мюзиклида иштирок этади.
Аммо АҚШда узоқ қола олмай, Туркияга қайтади ва яна телевидениеда суратга тутишни бошлайди. 1999 йилдан 2004 йилга қадар актёр бир қанча фильмларда рол ижро этади.
2005 йили «Менинг отам ва ўғлим» сериали экранга чиқади. Бу Эргенчнинг юқори рейтингли биринчи лойиҳаси бўлади. Аммо лойиҳа Халитга унчалик ҳам шуҳрат келтирмайди. Сабаби, сериалда Эргенч иккинчи пландаги ролни талқин этганди.
2006 йили Халит иштирокида «1001 кеча» сериали экранга чиқади. Бу Халит ижодидаги биринчи бош роль бўлади. Кўп қисмли драма тўрт йил давомида экранларда намойиш этилади.