Ҳукумат позициясини аниқлаб олиши керак!

Ҳукумат позициясини аниқлаб олиши керак!

Ҳукуматнинг баъзи ишларини тушуниш қийин. Масалан, давлат тили масаласидаги ҳаракатларини. Ўзи ҳимоялайди ва яна ўзи топтайди….

Ижтимоий тармоқларда давлатда иш юритуви асосан рус тилида, амалдорларнинг кўпчилиги ўзбек тилида гапиришни истамайди, тилимиздан ор қилади, дейилса, ётиб олиб ёқалашадиганлар бор.

Мана, кўрсин, Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни-сақлаш миллий палатаси раиси лавозимига тайинланган Равшан Изамов жаноблари турк қардошларимиз олдида ўрисча гапириб, бутун бир миллатни изза қилди.

Турк элчиси Меҳмет Сурейя Эрга ташаккурларимиз, у филистёр (ўзини зиёли сановчи калтафаҳм) бир амалдорга эмас, буюк ўзбек халқи ва тилига ҳурмати юзасидан соф ўзбекча гапириб, унинг хатосини тўғрилади.

Энди савол туғилади: ўз тили ва миллатига ҳурмати йўқ бундай амалдорчалар сафи “тепа”да қанча? Ҳукуматнинг давлат тили бўйича юритаётган сиёсати самимий ва қатъийми ёки жамоатчилик кўзини шамғалат қилишми?

Аслида у давлат тилини ҳимоя қиламан, деб департамент тузиб, бу ёқда, ҳатто халқаро доираларда давлат тилининг энасини кўзига кўрсатмаслиги керак!

Айниқса, биз билан ўзаги бир тилли бўлган турк биродарларимизнинг олдида давлатниям, миллатниям обрўсини бир пул қилмаслиги шарт! Ва яна юқори доираларда юрган баъзи аъёнчаларга ота-онаси, бобосию аждодлари кимлигини, улар қайси тилда гаплашганини уқтириб қўйиши лозим. Ҳукумат тил бўйича олиб бораётган миллий ҳаракатининг самимийлигига жамиятни ишонтира олиши керак!

Назаримда, Адлия вазирлиги муҳокамага қўйган Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 42-моддасига қўшимча киритишга доир қонун лойиҳаси бандини янаям кучайтириш керак.

Токи давлат тилида иш юритишни билмайдиган аъёнчалар, нари борса, бир миллиондан зиёдроқ жарима тўлаб қутилиб қолмасин! Аксинча, тили ва миллатига бундай беҳурматлик қиладиганганларга давлат ва ҳукумат идораларида ўрин бўлмасин!

Манба: platforma. uz

Posts Carousel

Izoh qoldiring

Sizning elektron pochta manzilingiz nashr etilmaydi. Majburiy maydonlar * bilan belgilangan

Latest Posts

Top Authors

Most Commented

Featured Videos