“2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасида долзарб масалалар қаторида манфаатдорлик билан қизғин муҳокама қилинди.
Таъкидлаб ўтилганидек, 2020 йил мамлакатимиз учун турли синовлар билан бошланди. Мамлакатимизда коронавирус пандемияси ва глобал инқироз оқибатларини юмшатиш ишлари олиб борилаётган бир пайтда Бухоро вилоятида, сўнгра Сирдарё вилоятида табиий офатлар юз берди. Бу ҳолатлар қўшимча катта маблағ сарфини талаб қилади. Шу боис, ушбу лойиҳа, аввало, Давлат бюджетининг барқарорлигини таъминлаш ва харажатларни оптималлаштиришнинг устувор йуналишларини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилган.
Депутатлар мазкур қонун лойиҳаси муҳокамасида уни сўзсиз қабул қилиш зарур эканини эътироф этдилар.
Маълумки, Президентимизнинг 2020 йил 19 мартдаги Фармонига мувофиқ, Молия вазирлиги ҳузурида 10 трлн. сўм микдоридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ташкил этилиб, жамғарма маблағлари манбалари қилиб Давлат бюджети маблағлари, халқаро молия институтларининг имтиёзли кредитлари ва қонун билан тақиқланмаган бошқа манбалар белгиланган.
Шундан келиб чиқиб, Молия вазирлигига ажратиладиган маблағларнинг чегараланган миқдорларига, яъни қонунга тегишли ўзгартиш киритиш зарурати юзага келди.
Бундан ташқари, Президент қарорларига асосан айрим давлат бошқаруви органлари тузилмасида маъмурий ўзгартиришлар амалга оширилгани, шунингдек, йиллик бюджет тўғрисидаги қонун биринчи марта жорий этилиши муносабати билан амалиётда юзага келаётган айрим ҳолатлардан келиб чиқиб, бошқа ўзгартиришлар ҳам киритилмоқда.
Депутатларнинг қайд этишича, ушбу қонун лойиҳасида яна бир муҳим жиҳат – бюджет маблағларини устувор йуналишларга, яъни корновирус пандемиясига қарши курашиш ва унинг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирларга сафарбар қилиниши назарда тутилаётгани эътиборга молик.
Қизғин муҳокамалардан сўнг қонун қабул қилинди.
Манба: http://parliament.gov.uz
Izoh qoldiring
Sizning elektron pochta manzilingiz nashr etilmaydi. Majburiy maydonlar * bilan belgilangan