СУРХОНДАРЁЛИКЛАР СИНОВНИ САХОВАТ БИЛАН ЕНГМОҚДА

СУРХОНДАРЁЛИКЛАР СИНОВНИ САХОВАТ БИЛАН ЕНГМОҚДА

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги томонидан “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож, бемор ва ногиронлиги бўлган, эҳтиёжманд оилаларнинг ҳар бирига бир бошдан қорамол ҳадя қилиш тадбирлари давом этмоқда.

Турмуш шароити оғир оилаларни моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида уларга шу кунгача 69 бош соғин сигир улашилган бўлса, бугун саховатпеша воҳадошларимиз томонидан “Саховат ва кўмак” жамғармасига хайрия сифатида ўтказиб берилган маблағларнинг бир қисми ҳисобига Ангор туманининг “Навшаҳар” ҳудудидаги “Чўллиев Қурбон” фермасидан 150 бош қорамол харид қилиниб, шаҳар ва туманларда яшовчи 10 тадан энг эҳтиёжманд оилаларга топширилди.

Меҳр-саховат тадбири дастлаб Ангор ва Жарқўрғон туманларидан бошланиб, турмуш шароитини яхшилаб олиши учун камбағал ҳамда боқувчисини йўқотган оилаларнинг 20 таси бундай инсонпарварлик ёрдамидан баҳраманд бўлди.

–Оиламизга бугун бир сигир ортидан барака ҳам кириб келади, деб ўйламагандим, тўғриси – дейди Ангор туманидаги “Гулзор” маҳалласида яшовчи Гулсара Холлиева. – Энди эҳтиёжимиз учун зарур сут, қатиқ ва сарёғ ўзимиздан чиқадиган бўлди. Оғзимиз оққа етди. Бизга кўрсатилган бундай мурувват ва ғамхўрлик учун Президентимизга, ташаббусни бошлаган вилоятимиз ҳокимига катта раҳмат.

Ҳа, халқимизда сигири бор уйда барака бўлади, деган мақол бежиз айтилмаган. Сигирнинг сути, ёғи, қатиғи оилага зарур. Ортиқчасини бозорга олиб бориб сотса, оила бюджетига фойда. Оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида сигир олган ҳар бир хонадон уй бекасига меҳнат дафтарчаси очилади. Яъни уларга иш стажи юритилади. Шу билан бирга, хонадонларга тадбиркорлар бириктирилиб, сигирнинг озуқасидан хабар олишга, сут ва ёғини сотишга кўмаклашади.

Эзгуликка йўғрилган хайр-саховат тадбирлари давом этмоқда.

Posts Carousel

Izoh qoldiring

Sizning elektron pochta manzilingiz nashr etilmaydi. Majburiy maydonlar * bilan belgilangan

Latest Posts

Top Authors

Most Commented

Featured Videos