Сардоба фожеасига ҳам роса бир ҳафта бўлди. Бир ҳафта бир дунё саволларни туғдирди:
- Гидроэнергонинг раҳбари кўпчилик наздида асосий гумондор бўлиб турибди. Лекин нега бу акамиз бирор жойда чиқиб гапиришни, изоҳ беришни ўзига эп кўрмайди?
- АОКА қаерда? Кунига уч марталаб матбуот анжуманлари уюштираётган ташкилот нега Олот ва Сардоба бўйича юзлаб саволларнинг ҳеч бўлмаса ўнтасига ойдинлик киритувчи битта брифинг уюштирмаяпти?
- ИИВ, ФВВ нега президент айтмагунча тошқинда ўлган 4 инсон ҳақида лом-мим дейишмади? Ё ёпиғлиқ қозон ёпиғлигича қолиши керакмиди?
- Балиқ хўжалиги бормиди? Тўғоннинг тумшуғида кўплаб балиқ хўжаликлари бўлгани, ўшалар емирилиш сабабчиларидан бири эканлиги тўғрисида гапирмаган одам қолмади. Лекин нега бирор мард чиқиб ундай эмас, демайди?
- Парламент қошида хўжакўрсинга ҳисобот берган Қурилиш вазирлиги нима учун тўғон қурганлар ҳақида бир сўз айтмади, Олотда расво сифат бўйича намуна бўлгувчи уй қурганлар ҳақида маълумот беришни эп кўрмади? Ўзи умуман бундай “юксак” намунали уй қурувчиларга Қурилиш вазирлигининг тиши ўтадими?
- “Журналистлар уюшмаси” деган ташкилот бор. Шу ташкилотни Сирдарёда бир оператор “Дамас”га босиб олиб кетилгани, яна бир гуруҳи ҳатто халқ тўплаб берган саховат омборига киритилмагани, аммо умри қарсак билан ўтиб кетган оқсоқолнинг бевосита ўпирилиш устига бориб мусаффо осмон, бунёдкор халқ ва яна бир кишини мадҳ этиб қайтгани ҳеч ўйлантирадими?
- Алоҳида вазирлик бўлиб олган Сув хўжалиги нега биринчи кунлари сув Айдаркўлга ҳайдалгани айтилганидан кейин ҳам Қозоғистонни босганига бирор изоҳи борми?
- Энг муҳими, нега шунча кун ўтиб ҳамки бирор киши расман гумондор бўлмай турибди? Наҳотки шунча қурувчилардан бирортаси топилмай турган бўлса? Ё ҳаммаси тўпалангда йўқолиб кетдими?
Муаллиф: Аброр Зохидов
Izoh qoldiring
Sizning elektron pochta manzilingiz nashr etilmaydi. Majburiy maydonlar * bilan belgilangan