Термизда фидойи тиббиёт ходимлари уйларига кузатилди

Термизда фидойи тиббиёт ходимлари уйларига кузатилди

Сурхондарё вилояти юқумли касалликлар шифохонасида коронавирус инфекциясига чалинган илк беморларни даволаб, белгиланган карантин муддатларини ўтаган 34 нафар фидойи тиббиёт ходимлари уйларига тантанали кузатилди.

– Шифокор, ўрта ва кичик тиббиёт ходимларидан иборат бу гуруҳ 14 кун давомида инфекцияга чалинганларга самарали тиббий хизмат кўрсатиб, навбат алмашган эди, – дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Б.Шукуров. – Шундан сўнг уларнинг ўзи ҳам икки ҳафта давомида барча шароитларга эга муассасада тиббий кузатув остида бўлди. Бугун барчаси соғ-саломат оиласи бағрига қайтмоқда. Касалликка қарши курашишда жонбозлик намуналарини кўрсатган тиббиёт ходимларимизга чин дилдан ташаккур билдириб, муносиб рағбатлантирдик.

Давлатимиз раҳбари қарорига кўра, уларга 25 миллион сўмдан 5 миллион сўмгача хизмат ҳақи тўлаб берилди.

Вилоят ҳокимлиги, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мутасаддилари ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирокида ўз уйларига кузатилган кун қаҳрамонлари ўта хавфли инфекцияга қарши курашиш жараёни осон кечмагани, дастлабки кунларда ҳадик ҳам бўлганини таъкидлаб, яратилган шароитлар ва Президентимиз томонидан муносиб рағбатлантирилгани учун миннатдорлик билдирди.

– Иккинчи жаҳон уруши йилларида отам фронт ортида меҳнат қилиб, фидойилик кўрсатган, – дейди ҳамшира С.Ғаниева. – Дунё бўйлаб кўринмас ёв инсониятга чанг солганида мен ҳам ул зотдек элимиз корига яраб отамга муносиб фарзанд бўлганимдан фахрланаман. Биз беморларимизни даволашда туну-кун илғор тиббий муолажалар билан бирга уларнинг руҳиятини кўтаришга интилиб, хизмат кўрсатдик. Бизнинг арзимас хизматимизни юқори баҳолаган давлатимиз раҳбари ва халқимиздан беҳад миннатдормиз.

Айни пайтда вилоят юқумли касалликлар шифохонасида 12 нафар бемор даволанмоқда. Яқин кунларда уларга хизмат кўрсатаётган фидойи тиббиёт ходимларининг ҳам навбат алмашиб, 14 кунлик кузатувга чиқиши кутилмоқда.

Cурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Posts Carousel

Izoh qoldiring

Sizning elektron pochta manzilingiz nashr etilmaydi. Majburiy maydonlar * bilan belgilangan

Latest Posts

Top Authors

Most Commented

Featured Videos