Аввал хабар берганимиздек, коронавирус инфекциясига қарши курашиш, касалликка чалинган беморларни самарали даволашда катта тажриба ва малакага эга бир гуруҳ шифокор мутахассисларимиз Тожикистон Республикасига йўл олишган эди. Бугун тожикистонлик ҳамкасблари билан ҳамкорликда самарали фаолият олиб борган шифокорларимиз юртимизга қайтишди. Бу ҳақда соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Таъкидлаш жоизки, мухассисларимиз томонидан сафар давомида Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари ҳамда шифокорлари иштирокида қатор анжуманлар ташкил этилиб, уларда Ўзбекистондаги эпидемик вазият ва касалликнинг олдини олишда амалга оширилган чора-тадбирлар ва эришилган ютуқлар ҳақида батафсил маълумот берилди, ўзаро фикр ва тажриба алмашинди. Шунингдек, касалликка чалинган беморларни самарали даволаш, шахсий ҳимоя воситаларидан тўғри фойдаланиш, гигиена қоидаларига риоя қилиш ва шифохоналарда зарарсизлантириш тадбирларини амалга ошириш тартиб-қоидалари бўйича мастер-класс машғулотлари ҳам ўтказилди.
Умуман олганда, юртимиз мутахассисларининг 14 кун давомида тожикистонлик мутахассислар билан биргаликда олиб борган коронавирус инфекциясининг олдини олиш ҳамда даволашга қаратилган амалий чора-тадбирлари катта самара бераётганлиги улар томонидан ҳам алоҳида эътироф этилди. Дарҳақиқат, ўзбек-тожик халқлари ҳамиша бир-бирига елкадош бўлиб келган. Буни зарур кўмак ва керакли тавсиялари билан тожик халқига яқиндан ёрдам берган фидойи шифокорларимиз мисолида ҳам гувоҳ бўлишимиз мумкин.
Izoh qoldiring
Sizning elektron pochta manzilingiz nashr etilmaydi. Majburiy maydonlar * bilan belgilangan