Миллий манфаат ҳақида ўйлар...
Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари шаклан миллий бўлса-да, мазмунан эски замонни эсга солиб туради. Биринчи навбатда, бу матбуотдаги сиёсатимизнинг тўла миллийлаша олмаётганида кўринади. Бугунгача мамлакатда учта ҳукумат газетаси бўлиб (“Халқ сўзи”, “Народное слово” ва “Правда востока”), улардан иккитаси рус тилида эди.
Яқиндан мамлакат марказий нашрлари структура жиҳатидан ислоҳ қилинди. Яъни, янги очилган “Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” Ҳукумат, “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари эса расман парламент нашри мақомини олди. Тил ва даврийлиги нуқтаи назаридан олганда, энди тарози посангиси тўғрилангандай бўлди, гўё.
Лекин нуфусининг жуда кам қисмини рус тилли аҳоли ташкил этадиган мамлакат учун бу “адолат”ни тиклаш қай тарзда адолатли?
Ҳукумат нашрлари-ку, майли, тушуниш мумкин. Улар мамлакатдаги чет эл дипломатик корпуслари учун зарурдир. Бироқ бизда тармоқ ва вилоят нашрларининг ҳам русча муқобили худди совет замонларидагидек узилишсиз чиқиб турибди. “Тошкент оқшоми —Вечерний Ташкент”, “Тошкент ҳақиқати — Ташкентская правда”, “Постда —На посту”….
Бу ўринда яна бир савол одамни ўйлантиради: русийзабон аҳоли бугун босаётганимиз маҳаллий газеталаримизни ўқирмикан?..
Давлат телеканаллари ҳам кўҳна эҳтиёткорлик ва одамнинг ғашини келтирадиган хушёрлиги билан ўз асрий анъаналарига содиқдай таассурот уйғотади. Эътибор қилинг, марказий теле-манба ҳисобланмиш “Ахборот” дастури 30 йил илгари қандай бўлса, ҳозир ҳам шундай — 19.30 да рус тилида, 21.00 да худди ўзбек тилида намойиш этиб келинмоқда.
Аввал “Ўзбекистон” каналида бўлган бу “информацион дастур” “Ўзбекистон 24” каналига ўтказилди. Моҳият эса ўша-ўша. Бу биргина ҳолат ОАВ соҳасидаги сиёсатимизнинг аҳвол-руҳиясини яққол англатиб турибди.
Матбуотимиз шўро давридаги каби рус журналистикаси таъсиридан холи бўла олмаяпти. Унинг чегара “ичида”лиги жамият билан орадаги масофани узоқлаштирмоқда. Одамлар бугун дунё ахборотини, асосан, Россия телеканалларидан олишмоқда. Бу эса миллий жамият учун фойдадан кўра кўпроқ зарар беради.
Негаки, руслар ҳар бир берадиган хабарини ўз манфаатидан келиб чиқиб узатади. Биз ҳам уни шундай қабул қиламиз ва кўпчилик ҳолларда дунёга Россия назари билан қараймиз. Миллий тафаккур атрофидаги мунозаралар сабабини аслида мана шундай майда, аҳамиятсиздай туйиладиган нарсалардан излаш керак эмасми?
Афсуски, ахборот қарамлиги бизда бугун пайдо бўлмаган. Бироқ бу итерация (такрор, эски хатоларни такрорлаш) ўзи билан изма-из миллий онгда неоколониал кайфиятни уйғотиши мумкинлигини ҳам унутмаслигимиз керак, назаримизда.
Адабий тилимиз муаммоси бу соҳада ҳам кўриниб туради. Матбуотимизда тилнинг “академик чучмаллиги” матнлар мураккаблигини келтириб чиқармоқда. Мақолалар ифода услуби илмий маърузаларникига ўхшайди. Оддий одам буни тушунмайди.
ТВдаги энг катта муаммо бу тил билан боғлиқдир. ТВ бугун “кўп овозли”, шевалар гуллаб-яшнаётган маскандир. Бу ерда, айниқса, Тошкент диалекти кенг қулоч ёйган. Ҳатто “жаргон” сўзларни эшитишга одам кўникиб қолди.
Ушбу ҳолатлар, афсуски, расмий, давлат сиёсатини тарғиб қилиши керак бўлган бош манбаларнинг аҳволини кўрсатиб турибди… Бу ва биз унутиб қолдирган бошқа сабаблар ОАВдаги миллий сиёсатимизни ҳам қайта кўришимиз кераклигини англатади, назаримизда.
«Миллий манфаат ҳақида ўйлар…» туркумидаги мақолалар:
Биринчи мақола — Болаларга тарбиясиз тарбия бермайлик
Иккинчи мақола — Кирилл алифбоси истеъмолда экан, рус тили таъсиридан қутулолмаймиз
Учинчи мақола — Тепадан топшириқ кутиб ишлаш эски тузум сарқитидир.
Manba: platforma. uz
Izoh qoldiring
Sizning elektron pochta manzilingiz nashr etilmaydi. Majburiy maydonlar * bilan belgilangan