Бугун АОКАҳузурида ташкил этилган штабда Бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков иштирокида брифинг ўтказилди. Унда айтим муҳим саволларга жавоб берилди.
- Карантин вақтида ишлаб чиқариш жараёни СЭС ходимлари томонидан текширилиши тўғрими?
– Карантин даврида, нафакат ишлаб чиқариш, балки барча тадбиркорлик субъектларида уларни хабардор этган ҳолда текширишлар ўтказилиши мумкин.
Текширувларда Бош давлат санитария шифокори томонидан карантин даврида вақтинчалик тасдиқланган 0372- сонли СанҚМ ва Республика махсус комиссиясининг баён қарорларининг ижроси ўрганилади.
- “Яшил ҳудуд”ларда ўқув марказлари фаолиятини бошлаш мумкинми?
– Йўқ, карантин чоралари енгиллатилганига қарамай, барча турдаги таълим муассасалари ва ўқув курслари фаолиятига чекловлар ўз кучида колади.
- Касаллик аниқланмаган лҳудудларда карантинни бекор қилса бўладими?
– Йўқ, булмайди. Вазият тез ўзгариши мумкин. Буни «яшил»дан “қизил”га айланган ҳудудларимиз мисолида ҳам кўриш мумкин.
- Карантин даврида касалликка қарши курашишнинг қайси усули кўпроқ самара кўрсатди?
– Мамлакатимизда аҳолининг бир-бири билан мулоқотини камайтиришга қаратилган тадбирлар касалликка қарши курашишда кўпроқ самара берди ва бериб келмоқда.
- Бу йил болалар ёзги оромгоҳлари фаолият кўрсатадими?
– Ҳа, “яшил” тоифадаги худудларда жойлашган болаларнинг ёзги дам олиш оромгоҳлари рухсат берилган.
- Нега коронавирус инфекцияси аҳоли орасида кўпаймоқда?
– Карантин чоралари юмшатилганидан сўнг кўпчилик карантин қоидаларига риоя қилмай қўйди. Ниқобларни ҳафталаб алмаштирмай, ижтимоий масофага риоя қилмай қўйишди.
Кенг аҳоли қатлами билан мулоқот бошланиб кетгани натижасида аҳоли орасида коронавирус юқтирганлар аниқлана бошланди.
- Яна карантин жорий қилинадими?
– Аслида карантин тадбирлари бекор қилингани ЙЎҚ! Аҳоли орасида касалланиш суръати шу тарзда ошиб борса карантин тадбирлари яна-да кучайтирилиши мумкин.
- Нега бизнинг республикамизда касаллик енгил ўтаяпди? Қарийб 80% бемор касалликдан тузалаётганини сабаби нимада?
– Коронавирус инфекцияси асосан 80% ҳолатда енгил кечади, 15% ҳолатда ўрта оғирликда ва фақат 3-5% ҳолатда оғир, яъни нафас етишмовчилиги билан кечади.
Касалликга чалинганларни эрта аниқлаш ишларининг йўлга қўйилганлиги касаллик кечишида ижобий натижаларга эришиш имконини беряпти.
Бироқ вируснинг культурал, морфологик, антиген, серологик хусусиятлари, вирулентлиги, патогенлиги каби масалалар ҳали кўплаб ўрганилади. Шунинг учун аниқ бирор тўхтамга келишга ҳали эрта.
- Одамзод вакцина ишлаб чиқилмагунга қадар коронавирус касаллиги билан курашиб яшайверадими?
– Коронавирус инфекциясига қарши вакцина ишлаб чиқиш билан бутун дунё олимлари шуғулланмоқда. Вируслар эса мутацияга мойил бўлишади. Балким, коронавируснинг ҳаммма типига таъсир қиладиган универсал вакцина ишлаб чиқиш керак бўлар.
Вакцинани ишлаб чиқиш, клиник синовдан ўтказиш, профилактик самарадорлигини баҳолаш ва кенг аҳоли орасида қўллашга рухсат бериш каби босқичлари бор.
Унгача мазкур вирусдан сақланиш учун қўлни тез-тез ювиш, ниқоб тақиш режимига риоя этиш ва ижтимоий масофани сақлаш каби қоидаларга риоя этиш керак.
- Кўп олимлар касаллик бўйича изланиш олиб боряпти. Олимлар вирус қачонгача давом этишини башорат қилишдими?
– Ҳеч ким 2020 йилнинг 5 ойида юз берган на коронавирус пандемиясини, на иқтисодий-молиявий инқирозни, на нефть нархларини қулашини, на фонд бозорларидаги шўнғишни башорат қила олмаган, шу жумладан, касаллик борасида ҳам кейинги вазият тўғрисида ҳеч нима аниқ эмас.
Izoh qoldiring
Sizning elektron pochta manzilingiz nashr etilmaydi. Majburiy maydonlar * bilan belgilangan