Шу кунларда боғларда, аҳоли томорқаларида сархил мевалардан – олча ғарқ пишган палла. Олча фойдали витаминларга бой мевалардан ҳисобланади.
Ер юзида олчанинг 150 га яқин тури мавжуд бўлиб, юртимизда камхастак, қизил мевали ёки чия ҳамда адир ва тоғ ён бағирларида ёввойи турлари учрайди. Олча меваси яллиғланишга қарши, балғам кўчирувчи, терини тозаловчи, қонни кўпайтирувчи хусусиятларга эга. Шунингдек, юрак уришини маромига келтиришда, иммунитетни кўтаришда самарали ҳисобланади. Таркибида яллиғланишга қарши моддалар борлиги сабаб, олча меваси шарбати ҳамда банди ва шохчасидан тайёрланган дамлама артрит, ревматизм, артроз касалликлари безовта қилганида бўғимдаги оғриқни тўхтатишда, шишларни йўқотишда ёрдам беради. Агар узоқ вақтдан буён бел оғриғи қийнаётган бўлса, олча дарахтининг пўстлоқ қисмини қайнатиб, ичиш тавсия этилади. Олча мелотонинга табиий кондир. Уйқусизликдан азият чекувчи инсонлар ётиш олдидан олча меваси ёки шарбатини истеъмол қилса, уларда уйқу давомийлигининг ошиши тадқиқотларда исботланган.
Олча шохчасидан тайёрланган дамлама ичкетар, қорин оғриғида шифо бўлади. Озиш истагида бўлганлар эса ушбу мевадан кунига 3 маҳал, 10 донадан овқатдан олдин еса, ой давомида 5-8 кило вазн ташлайди. Олча қонни суюлтириб, тозалайди, сийдик йўлларини яллиғланишдан халос қилади, гемоглобинни кўпайтиради ва юрак хасталикларининг олдини олади.
Қиш ғамини ёзда ўйлайдиган бекалар айни кунларда олчадан шириндан шакар мураббо, шарбатлар тайёрлаш ҳаракатида. Шуни ёдда тутиш керакки, мураббога олчани данагидан ажратган ҳолда солиш тавсия этилар экан. Боиси, данаги ва олча уруғи таркибидаги амигдалин моддаси узоқ сақланса, организмни заҳарлаши мумкин. Ошқозон яраси, қандли диабет, панкреатит, ўпка яллиғланиши, тери касалликлари, псориазда бу мевани имкон қадар камроқ ейишни тавсия этилади. Яъни, ҳар нарсада меъёрга амал қилган яхши.
Izoh qoldiring
Sizning elektron pochta manzilingiz nashr etilmaydi. Majburiy maydonlar * bilan belgilangan