Тўра Боболов: “Илм оламан ва меҳнат қиламан деган ёшларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга ҳамиша тайёрмиз”

Тўра Боболов:   “Илм оламан ва меҳнат қиламан деган ёшларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга ҳамиша тайёрмиз”

ҲОКИМ ВА ЁШЛАР УЧРАШУВИ МУАММОЛАРГА ЕЧИМ, ОРЗУЛАРГА ҚАНОТ БАҒИШЛАДИ

Бугун, 20 июнь куни Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов видеоконференцалоқа тарзида воҳа ёшлари билан учрашди. “Ҳоким ва ёшлар” лойиҳаси доирасида ташкил этилган учрашув аввалида Т.Боболов вилоятдаги мавжуд эпидемиологик ҳолат ва пандемияни жиловлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида қисқача маълумот берди. Ёшларни бугунги вазиятда мавжуд қонун-қоидаларга риоя қилиш ва шу орқали санитария-эпидемиологик вазият барқарорлигига ҳисса қўшишга чақирди.

– Пандемия шароитида мамлакатимизда жорий этилган янги тизимнинг қанчалик самарали ишлаши фақат ўзимизга боғлиқ, – деди вилоят ҳокими. – Айрим фуқароларнинг ўзи ва бошқаларнинг ҳаётини хавф остида қолдириб, эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиши ортидан охирги кунларда инфекция юқтирганлар сони яна ошаётгани ҳаммамизни ҳушёр бўлишга чақиради.

Жорий йилда вилоятда 38 минг 480 нафар ўғил-қиз умумтаълим мактабларини битирди. Уларнинг 4 минг 48 нафари янги ташкил этилган коллеж ва техникумларга, 34 минг 432 нафари олийгоҳларга ҳужжат топшириши кутилаётир. Шунингдек, касб-ҳунар коллежларини 10 минг 179 нафар, Термиз давлат университетини 3 минг 389 нафар ёшлар битирди.

Бу йил қабул қамрови кенгайгани натижасида умумтаълим мактаблари битирувчиларнинг кўпчилиги коллеж-техникумларга, олий таълим муассасаларига ўқишга кирганда ҳам, бошқаларининг бандлигини таъминлаш зарур.

Учрашувда таъкидланганидек, бугунги кунда вилоятда 19 минг 930 нафар ёшларнинг қурилиш, тадбиркорлик, қишлоқ хўжалиги, жамоат ишлари ва бошқа соҳаларда бандлиги таъминланди. 2 минг 53 нафар ёшларга деҳқончилик қилиб, даромад топишлари учун қишлоқ хўжалиги кооперативлари орқали 20 сотихдан қарийб 537 гектар ер ажратиб берилди.

Шунингдек, “Ҳар бир ёшга – бир гектар” лойиҳаси доирасида 1 минг 165 нафар йигит-қизга 1 минг 192 гектар ер ажратилди. Ғалла мавсуми охиригача яна 4 минг 835 нафар ёшга 4 минг 808 гектар ер берилиши режалаштирилган.

“Ўзини ўзи банд қилиш” лойиҳаси доирасида 13 мингга яқин, “Ҳар бир оила тадбиркор” лойиҳаси доирасида 15 фоизли имтиёзли кредитлар орқали 7 мингга, ҳунармандчиликда “Устоз шогирд” лойиҳаси асосида 3 мингга яқин иш ўрни яратилади. 2 минг 726 нафар ёшлар воҳада олиб борилаётган қурилиш ишларига жалб этилади.

– Жонажон юртимизнинг равнақи йўлида илм оламан ва меҳнат қиламан деган ёшларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга ҳамиша тайёрман, – деди Тўра Боболов.

Учрашув икки соатдан ортиқ вақт давом этди ва иштирокчилар қалбида катта таассурот қолдирди. Вилоят ҳокими вилоят, шаҳар ва туманлар студияларидан қатнашган ёшларнинг таклиф ва ташаббуслари билан танишди. Муаммоларини ўрганиб, уларни ҳал этишга амалий кўмаклашди. Олий таълим муассасаларини битирган ёшларни корхона ва ташкилотларга ишга жойлаштириш чоралари кўрилди.

Posts Carousel

Izoh qoldiring

Sizning elektron pochta manzilingiz nashr etilmaydi. Majburiy maydonlar * bilan belgilangan

Latest Posts

Top Authors

Most Commented

Featured Videos