2020 йилнинг 18 июнь куни Термиз шаҳри, “Паттакесар” маҳалласида яшовчи Муҳаббат ая Хўжанова Сурхондарё вилояти ҳокимлигига келиб, 26 жон 4 хонали уйда қийналиб яшаётгани, оғир вазиятга тушиб қолганликлари, уй-жойга муҳтож эканликлари ҳақида мурожаат қилади.Бугун, 20 июнь куни вилоят ҳокими Тўра Боболов вазиятни ўрганиш, оиланинг яшаш шароити, аҳволи билан танишиш мақсадида ушбу хонадонда бўлди.

“Паттакесар” маҳалласи, Гулшан кўчаси 46/1-уйда айни пайтда 67 ёшли Муҳаббат ая Хўжанова билан биргаликда у кишининг фарзандлари, келинлари, куёвлари ва набираларидан иборат олтита оила, жами 26 жон истиқомат қилмоқда.

Тор уйдаги бу оиланинг аҳволи, шароити билан яқиндан танишган вилоят ҳокими шу куннинг ўзида Муҳаббат аянинг 4 нафар фарзанди бор куёви ва қизига, шунингдек, ёлғиз ўзи 3 нафар фарзандини тарбиялаб келаётган яна бир қизига уй-жойлар ажратиш тўғрисида кўрсатма берди.

Шу тариқа, Жамолиддин Маматмуродов оиласига Термиз шаҳрининг Гулистон маҳалласи, “Шукрона” массивида қурилган 2-хонали янги уй-жой, Ободон Тошназаровага шаҳар ҳокимлиги тасарруфидаги ётоқхонадан 3 хонали уй берилди.
– Тор уйда шунча жон қийналиб яшаб келаётгандик. Мурожаатимиздан бир кун ўтиб, биз ҳам уйли-жойли бўлишимизни кутмагандим, рости, – дейди Ж.Маматмуродовнинг турмуш ўртоғи З.Каримова. – Бизга ғамхўрлик кўрсатиб, орзу-истакларимизни рўёбга чиқаришга имконият яратиб бераётган Президентимиздан миннатдормиз. Барча қулайликлар яратилган ушбу янги уйда фарзандларимни халқпарвар, ватанпарвар инсонлар этиб тарбиялайман.

Вилоят ҳокими хонадон фарзандлари, келинлари, куёвлари билан суҳбатлашиб, тез орада қолган оилаларга ҳам ер ажратиб, уй-жой тиклаш ва иш билан бандлигини таъминлашда амалий ёрдам кўрсатилишини таъкидлади. Мутасаддиларга бў тўғрида кўрсатма берилиб, ижроси назоратга олинди.

Izoh qoldiring
Sizning elektron pochta manzilingiz nashr etilmaydi. Majburiy maydonlar * bilan belgilangan