Яна бир фуқаро ИИВ қийноғидан вафот этган

Яна бир фуқаро ИИВ қийноғидан вафот этган

Шу кунларда Ички ишлар ходимларининг Андижон вилоятидаги қилмишини муҳокама қилиб, уларни қоралаётган бир пайтда ижтимоий тармоқда яна бир хабар тарқалди.

Гап шундаки, яна бир фуқаро ИИВ қийноғидан вафот этган. Бу ҳақда журналист, ҳуқуқ фаоли Абдураҳмон Ташанов ўз фейсбук саҳифасида бу ҳақида хабар берди, деб ёзмоқда “human.uz”.

Унинг ёзишича, шу йилнинг 27 июнь куни Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш Бош бошқармасининг 64/18-сонли муассасаси (Сангород)дан Тошкент вилоятининг Янгийўл тумани Баҳор маҳалласида истиқомат қилган, Навоийдаги колонияда жазо муддатини ўтаётган 45 яшар маҳкум Фарруҳ Хидировнинг ўлиги чиққан.

“Яқинларининг айтишича, Фарруҳ бир неча кун аввал уйига қўнғироқ қилиб, колония ходимлари пул талаб қилишаётганини айтган, ва ҳатто, қандайдир ҳисоб рақамлари ҳам беришган экан.

Сўнг унинг чалажон танасини Сангородга олиб келишибди. У ерда 8 кун давомида ўзига келтиришга уринишган, лекин бўлмабди”, деб ёзади муаллиф.

Тармоққа юкланган видео ва расмда марҳум танасининг кўкарган, қизарган, моматалоқ бўлган ҳолати акс этган.

Андижондаги фожианинг ҳовури босилмай туриб, бу воқеанинг содир бўлиши тизимдаги аҳвол катта ислоҳотларга муҳтож эканини кўрсатиб турибди. 

Тез орада Сенатнинг тегишли қўмитаси, Республика Бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги, Инсон ҳуқуқлари бўйича Республика Миллий марказ, Омбудсман сингари  ташкилотлардан ҳолат юзасидан батафсил ахборот кутиб қоламиз.

Posts Carousel

Izoh qoldiring

Sizning elektron pochta manzilingiz nashr etilmaydi. Majburiy maydonlar * bilan belgilangan

Latest Posts

Top Authors

Most Commented

Featured Videos