2020-2021-ўқув йилида профессионал таълим тизимида Республика бўйича жами 726 та таълим муассасалари, яъни, 339 та касб-ҳунар мактаблари, 211 та коллежлар ва 176 та техникумлар фаолият кўрсатади.
Ушбу уч тоифадаги профессионал таълим муассасаларида Халқаро стандартларга мувофиқлаштирилган таълим дастурлари асосида оилавий бизнес, томорқа бизнеси, қурилиш, хизмат кўрсатиш, чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик, балиқчилик каби иқтисодиётимизда муҳим ўрин эгаллаган 200 дан ортиқ ишчи касблар бўйича кадрлар тайёрланади.
1-тоифа – КАСБ-ҲУНАР МАКТАБЛАРИда таълимнинг Халқаро стандарт таснифлагичининг 3-даражасига мос келувчи икки йиллик таълим дастурлари асосида 9-синф битирувчилари бошланғич профессионал таълим олади.
Камбағалликка қарши кураш доирасида энг аввало, кам таъминланган оилалар фарзандларида тадбиркорликка, бизнесга, пировард натижада даромад олишга йўналтирувчи билим, малака ва кўникмалар шакллантирилади.
2-тоифа – КОЛЛЕЖЛАРда таълимнинг Халқаро стандарт таснифлагичининг 4-даражасига мос келувчи, касбларнинг мураккаблик даражасидан келиб чиқиб, икки йилгача бўлган муддатлар ўқитишга мўлжалланган таълим дастурлари асосида аниқ иш ўринларига йўналтирилган ўрта бўғин мутахассислари тайёрланади.
Вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар тасарруфида фаолият кўрсатадиган ва шу соҳадаги инвестиция лойиҳаларии ҳисобига ташкил этилаётган аниқ иш ўрни учун мутахассислар тайёрлайдиган ушбу коллежларга мактабларнинг 11-синф битирувчилари қабул қилинади.
З-тоифа – ТЕХНИКУМЛАРда таълимнинг Халқаро стандарт таснифлагичининг 5-даражасига мос келувчи, бакалавриат таълим йўналишлари билан интеграциялашган, кундузги, кечки ва сиртқи таълим шаклларида камида икки йил муддатга мўлжалланган таълим дастурлари асосида 11-синфни тугатган ёшлар ўқитилади.
Икки йиллик таҳсилдан сўнг битирувчилар олий таълим муассасасида ўқиган касби бўйича суҳбат асосида ўқишга қабул қилиниши мумкин.
Izoh qoldiring
Sizning elektron pochta manzilingiz nashr etilmaydi. Majburiy maydonlar * bilan belgilangan