Меҳнат бозори: қора ишчилар қонун ҳимоясидами?

Меҳнат бозори: қора ишчилар қонун ҳимоясидами?

Қўлингизда дипломингиз йўқ, чўнтагингизда ҳемирам қолмаган, лекин билагингиз кучга тўла. Марҳамат, сизга иш бор. Албатта, қурилиш соҳасида. Бу тармоққа арзон ишчилар ҳамиша керак! Қурилишни арзонлаштиришнинг эскирмайдиган йўли бу!

Айтишларича, ҳозир Ўзбекистонда қурилишга норасмий равишда жалб қилинган оддий ишчиларга ўртача 2 миллион сўмдан маош тўланяпти. Бу орқали иш берувчилар кўп нарсани ютяпти.

Биринчидан, 2 миллион сўм иш ҳақига ҳисобланадиган 240 минг сўм даромад солиғи бюджетга тўланмаяпти. Иккинчидан, иш ҳақи иш берувчининг умумий иш ҳақи фондига киритилмаганлиги учун иш берувчи юридик шахс томонидан ижтимоий ажратма (12%) тегишли жамғармага ажратилмайди. Яна 240 000 сўм!

Учинчидан, иш ҳақи иш берувчи юридик шахснинг ялпи даромадига киритилмаганлиги ушбу қийматнинг 15 фоизи, яъни 300 000 сўми учун ҚҚС занжирига кирмайди ва ҚҚСдан бюджетга тўловлар тўланмайди. Қонунчиликка кўра бу ҳолат солиқ тўлашдан қочиш дейилади.

Агар норасмий ишчиларнинг умумий сони 100 минг нафарни ташкил этса-чи? У ҳолда бюджетга тўланмайдиган даромад солиғи бўйича 24 миллиард сўм, худди шунча маблағ ижтимоий ажратмалар ҳисобига тўланмайди.

ҚҚС занжирига киритилмаган миқдор 30 миллиард сўмни ташкил этаётганлигини солиқ идоралари билишмасмикан? ҚҚС солиғини-я, бугунги кунда ҳатто боғчадаги болалар ҳам солиқ тўлаб турган бир пайтда-я?

Кўриб тургангиздек, норасмий тўланган 2 миллион сўм ортидан давлат бюджети ва унга тенглаштирилган жамғармага келтирилаётган зарар миқдори 78 миллиард сўмни ташкил этмоқда. Агар бу ҳолат 12 ой давом этса, унда зарар миқдори 936 миллиард сўмга етади.

Бундан ким ютади? Бирламчи бозордан уй сотиб олаётганларми? Йўқ! Тижорат уйларининг бозор нархи давлат буюртмаси асосида қурилган уйларникига қараганда анча юқори-ку.

Қурилишда ишлаётган қора ишчиларми? Бунга ҳам “йўқ” деб жавоб берамиз. Чунки норасмий олинган 2 миллион сўм нафақат иш стажига киритилмайди, балки ижтимоий кафолат билан ҳам умуман таъминланмайди.

Бу ўринда фақат қурилиш бизнеси иштирокчиларининг ошиғи олчи! Чунки уларни бундай вазиятда нафақат бюджетга тўловлардан қочаётган, балки келажакда ишчига тўланадиган нафақагаям кўз олайтираётган ўғрига ўхшатиш мумкин.

Энди айбдорларни қидириш ўрнига бундай ишларга йўл қўймаслик ҳусусида бош қотирадиган вақт келди. Қора ишчиям Ўзбекистон ҳудудида ишлаяптими, демак у қадрланиши, ижтимоий ҳимояси ҳам кафолатланиши керак. Бу борада, солиқ органлари, меҳнат вазирлиги ва касаба уюшмалари мутасаддилари бир ёқадан бош чиқарсалар айни муддао бўлар эди.

Албатта, буларнинг ҳаммаси шахсий фикрлар.

Platforma. uz

Posts Carousel

Izoh qoldiring

Sizning elektron pochta manzilingiz nashr etilmaydi. Majburiy maydonlar * bilan belgilangan

Latest Posts

Top Authors

Most Commented

Featured Videos