Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ ислоҳотларни изчил давом эттириш мақсадида, Президентимиз томонидан жорий йил 24 июль куни «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармоннинг имзоланиши бу соҳада яна бир муҳим қадам бўлди. Фармонга мувофиқ, суд-ҳуқуқ тизимида 2021 йилнинг январидан бир қатор ижобий ўзгаришлар юзага келади.
Хусусан, вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ҳолда ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судлари ташкил этилади.
Туман (шаҳар) маъмурий судлари ўрнида туманлараро маъмурий судлари ташкил этилади ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилади. Бу ўз навбатида маъмурий судларнинг муайян тумандаги маҳаллий ҳокимият органларининг турли тазйиқларидан ҳоли ва мустақил фаолият юритишига замин яратади. Яъни фуқаролар ва тадбиркорларни давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари ва қарорларидан суд орқали ҳимоялаш учун янада қулайликлар яратади.
Энг эътиборлиси, Фармон билан ортиқча суд босқичларини бекор қилиш орқали «бир суд – бир инстанция» тамойили жорий этилмоқда. Яъни, туманлараро, туман (шаҳар) судларининг қарорларини вилоят даражасидаги судлар томонидан апелляция тартибида, апелляция тартибида кўрилган суд қарорларини эса Олий суд томонидан кассация тартибида қайта кўриб чиқиш, кассация тартибида кўриб чиқилган ишлар бўйича суд қарорларини эса Олий суд раиси, Бош прокурор ва уларнинг ўринбосарлари протестига кўра кассация тартибида такроран кўриб чиқиш назарда тутилмоқда. Суд ишларини назорат тартибида кўриш институти эса тугатилмоқда. Бундай тартибнинг ўрнатилиши натижасида судда ҳар бир иш бўйича якуний тўхтамга келиш орқали суд қарорларининг барқарорлиги таъминланиб, фуқаролар ва тадбиркорлар сарсон бўлишининг олди олинади. Эндиликда, Фармон билан юқорида қайд этилган муаммо ва камчиликларнинг аниқ ечимига қаратилган ҳуқуқий механизмлар яратиб берилмоқда.
Фармондаги яна бир муҳим масала – судларда жиноят ишларини кўриш чоғида ишни суд мажлисида кўришдан аввал, инсон ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тарафларнинг тортишувчанлик тамойилини амалда рўёбга чиқариш мақсадида дастлабки эшитув институти жорий этилмоқда. Фармоннинг қабул қилиниши суд-ҳуқуқ тизими фаолиятини янада такомиллаштиришга, айни йўналишда фуқаролар учун бир қатор енгиллик ва қулайликлар яратилишига хизмат қилади.
Шерали Қодиров,
Жиноят ишлари бўйича Бойсун туман судининг девонхона мудири
Izoh qoldiring
Sizning elektron pochta manzilingiz nashr etilmaydi. Majburiy maydonlar * bilan belgilangan