ШУКРУЛЛО (Юсупов) (1921.2.9 – 2020.19.07)
Шукрулло ҳақида: Ўзбекистон халқ шоири (1981). Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (1977). Педагогика билим юрти (1935—38) ва Низомий номидаги Тошкент педагогика институтини тугатган (1944), 1938 йил Қорақалпоғистонда, 1939—45 йилларда Тошкентда ўқитувчилик қилган. Кейин Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида маслаҳатчи (1945—49), Ўзбекистон давлат нашриётида муҳаррир (1945—51; 1955—65). 1951 йилда миллатчилик ва советларга қарши тарғиботда айбланиб, 25 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган, Сталин вафотидан кейин озод этилган (1955).
Илк шеърлар тўплами — «Биринчи дафтар» (1949). Шундан кейин унинг «Қалб қўшиқлари» (1949), «Ҳаёт илҳомлари» (1959), «Умрим борича» (1960), «Инсон ва яхшилик» (1961), «Инсон — инсон учун» (1964), «Зарралар» (1973), «Суянчиқ» (1977), «Яшагим келади» (1978), «Сенинг бахтинг» (1988), «Тўкилган дардларим» (2001) каби шеърий тўпламлари эълон қилинган. Шукрулло лирик шеърларида севги ва вафо, меҳр ва оқибат сингари инсоний қадриятларни улуглаб, китобхонда ялқовлик, лоқайдлик, калондимоғлик, ҳасадгўйлик, ғаразгўйлик каби иллатларга нисбатан нафрат туйғусини уйғотишга интилган. Лирик қаҳрамоннинг руҳий оламида кечган ва кечаётган эврилишларни инсон ва жамият, инсон ва табиат ўртасидаги узвий алоқани тасвирлаш орқали кўрсатиб берган. Шукрулло «Чоллар» (1948), «Россия» (1956), «Икки қоя» (1964), «26-тонг отари» (1966), «Гул ва оташ» (1972), «Кўнгил чироғи» (1975), «Аср баҳси» (1985) ва бошқа достонларини ёзган. Шукуруллонинг болаларга бағишланган шеър ва эртаклари «Баҳор совғаси» (1962), «Юлдузлар» (1964) шеърий тўпламларидан ўрин олган. «Хатарли йўл» (1962), «Та- бассум ўғрилари» (1964), «Тўйдан кейин томоша» (1980), «Ўғрини қароқчи урди» (1982), устоз ёзувчиларнинг ижоди тажрибалари тўғрисида баҳс юритувчи «Жавоҳирлар сандиғи» (1983) эссеси, қатағон даври даҳшатлари ҳақидаги «Кафансиз кўмилганлар» (1989) автобиогра- фик қиссаси, «Қасосли дунё» (1994) публицистик мақолалар тўплами, Убайдулла Хўжаев тўғрисидаги «Тирик руҳлар» (1999) роман-хроникаси муаллифи. Шукрулло Карло Гоццининг «Бахтиёр гадолар» пьесаси, Ш. Петёфи, Т.Шевченко, Қ.Қулиев ва бошқалар шоирларнинг шеърларини ўзбек тилига таржима қилган. Унинг асарлари рус, араб, турк, озарбайжон, қорақалпоқ, қозоқ, қирғиз тилларида нашр этилган. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти лауреати (1994). «Дўстлик» (1994) ва «Элюрт ҳурмати» (1999) орденлари билан мукофотланган.
Izoh qoldiring
Sizning elektron pochta manzilingiz nashr etilmaydi. Majburiy maydonlar * bilan belgilangan