Ўзбекистонда Aviation Academy учувчилар тайёрлаш маркази очилади

Ўзбекистонда Aviation Academy учувчилар тайёрлаш маркази очилади

Халқаро ҳаво транспорти орқали юк ташишларни ташкил этиш, логистика ҳаво ҳабини яратиш, халқаро стандартларига мувофиқ учувчиларни тайёрлаш мўлжалланмоқда.

Жорий йилнинг 8 сентябрь куни Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Сардор Умурзоқовнинг Малайзия бош вазирининг биринчи ўринбосари – халқаро савдо ва саноат вазири Муҳаммад Азмин Али билан видеоконференция шаклида музокаралари бўлиб ўтди.

Мамлакатлар ўртасида кимё саноати, таълим, ахборот технологиялари ва озиқ-овқат саноати соҳаларига инвестициялар киритиш бўйича ҳамкорликнинг улкан истиқболлари белгилаб олинди. 

Ўзбекистонда амалга оширилаётган лойиҳалар билан боғлиқ масалалар ҳам муҳокама қилинди – масалан, Хоразм вилоятидаги “Ҳазорасп” ЭИЗда 250 млн долларга яқин Малайзиянинг Serba Dinamik Group Berhad компаниясининг тўғридан-тўғри инвестицияларини жалб қилган ҳолда каустик сода ва суюқ хлор ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаси фаол равишда амалга оширилмоқда.

Ўзбекистонда бир нечта Малайзия банкларининг филиалларини очиш ва республикада экспортга йўналтирилган лойиҳаларни молиялаштириш ҳамда кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлашга қаратилган банклараро ҳамкорликни йўлга қўйиш орқали банк-молия соҳасида ҳамкорлик қилишнинг юқори салоҳияти қайд этилди.

Ислом банкчилиги соҳасида Малайзиянинг тажрибасини жорий этиш механизмлари ва шу вақтнинг ўзида Ўзбекистон банк соҳасидаги ходимлари учун ушбу соҳада малака ошириш курсларини ташкил этиш масалалари алоҳида кўриб чиқилди.

Транспорт, логистика ва туризм соҳасида икки томонлама ҳамкорлик учун катта имкониятлар мавжудлиги қайд этилди. Шу нуқтайи назардан, халқаро ҳаво транспорти орқали юк ташишларни ташкил этиш, логистика ҳаво ҳабини яратиш, шунингдек, Ўзбекистонда Aviation Academy халқаро стандартларига мувофиқ учувчиларни тайёрлаш марказини очиш бўйича чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

Маданий-гуманитар соҳасидаги икки томонлама муносабатларни ривожлантириш доирасида МАРА технология университети ҳамда Самарқанд шаҳридаги “Ипак Йўли” халқаро туризм университети билан амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш, шунингдек Хоразм вилоятида Binary менежмент ва тадбиркорлик университети филиалининг фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ барча масалаларни ҳал этиш бўйича биргаликда амалга ошириладиган ҳаракатлар муҳокама қилинди.

Видеоконференция якунида муҳокама қилинган ва келишилган ташаббусларни илгари суриш ва амалга ошириш бўйича қўшма ишчи гуруҳини тузиш тўғрисида келишувга эришилди, дейилади Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги хабарида.

Posts Carousel

Izoh qoldiring

Sizning elektron pochta manzilingiz nashr etilmaydi. Majburiy maydonlar * bilan belgilangan

Latest Posts

Top Authors

Most Commented

Featured Videos