Мансур Алихонов Асака тумани ҳокими этиб тайинланди, 9-сентябрь куни Халқ депутатлари Асака туман кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтган. Унда ташкилий масала кўрилган
Маълум қилинишича, Асака туманига 2020-йил мартидан бери раҳбарлик қилиб келган Иномжон Мамадалиев бошқа ишга ўтиши муносабати билан ҳоким лавозимидан озод этилган. Ўз навбатида, 2018-йил июлидан буён Андижон вилояти Жалақудуқ туман ИИБ бошлиғи лавозимида ишлаб келган Мансурбек Алихонов Асака туманининг янги ҳокими сифатида таништирилган.
Маълумот учун, Мансурбек Алихонов 1984-йилнинг 14-июн куни Андижон туманида туғилган, 2005-йилда Андижон давлат университети ҳуқуқшунослик йўналишини тамомлаган. Турли йилларда вилояти ИИБ экспертиза-криминалистика бўлими, шахсни идентификация қилиш бўйича автоматлаштирилган бўлинмаси эскперти, жиноят қидирув ва терроризмга қарши курашиш бошқармаси, наркотрафик ва гиёҳванд моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга қарши курашиш бўлими тезкор вакили, Булоқбоши тумани ИИБ жиноят қидирув ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўлинмаси тезкор вакили, вилоят ИИБ молия ва моддий техника таъминоти бошқармаси бошлиғи ўринбосари — моддий-техника ва хўжалик хизмати бошлиғи лавозимларида ишлаган. 2018-йилдан буён Жалақудуқ тумани Ички ишлар бўлими бошлиғи эди.
Иномжон Мамадалиев (1975-йилнинг 24-январ куни Асака туманида туғилган) 4-март куни Асака тумани ҳокими этиб тайинланган эди, бунгача у Андижон вилоятининг бошқа — Бўстон (собиқ Бўз) туманига раҳбарлик қилган. 1997 йилда Андижон давлат университети журналистика факултетини тамомлаган Иномжон Мамадалиев турли йилларда Асака шаҳар ИИБ катта инспектори, бўлим бошлиғи ўринбосари, вилоят ИИБда бошқарма бошлиғи лавозимларида ишлаган. Иномжон Мамадалиевнинг қайси лавозимга ўтказилгани маълум қилинмаган.
Izoh qoldiring
Sizning elektron pochta manzilingiz nashr etilmaydi. Majburiy maydonlar * bilan belgilangan