Президентимизнинг 2020 йил 3 сентябрдаги “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ушбу йўналишдаги ишларни янги босқичга кўтариш учун муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Бугун соҳани рақамлаштириш масаласи ахборот асри талабларидан биридир. Суд тизимини рақамлаштириш ишларни тез ва сифатли кўриб чиқишга хизмат қилиши билан аҳамиятли.
Ушбу қарорда суд тизимини рақамлаштириш муаммоларини бартараф этиш йўллари ва уларнинг мақбул ечимларини аниқ кўрсатиб берган. Энг муҳими, эндиликда судлар фаолиятининг ҳар бир босқичига ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилади.
Жумладан, судга электрон тарзда мурожаат қилиш, тарафларни суд мажлиси тўғрисида ахборот коммуникация технологиялари асосида хабардор қилиш, суд муҳокамаси жараёнида онлайн тарзда иштирок этиш, суд қарорларини электрон тарзда мажбурий ижрога қаратиш, суд қарорларидан норози бўлган тарафнинг электрон тарзда шикоят бериш тартиби шулар жумласидандир.
Фуқароларга суд органларига бормасдан, масофадан туриб электрон тарзда мурожаат қилишлари, 2022 йил 1 январдан бошлаб давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик бошқаруви органлари, адвокатлар томонидан судларга даъво, ариза ва шикоятларни фақат электрон шаклда тақдим этишлари амалиёти жорий этилади.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ушбу қарор бир қатор муаммоли масалаларни ечиш баробарида, фуқаролар сарсон бўлишининг олдини олиш, мурожаатларни автоматлаштириш, тизимлаштириш ва энг асосийси, фуқароларга судларга мурожаат этиш бўйича конституциявий ҳуқуқларидан кенгроқ фойдаланиш имконини ҳам яратиши билан муҳим аҳамиятга эгадир.
Алишер Жалилов,
Жиноят ишлари бўйича Бойсун туман судининг раиси
Izoh qoldiring
Sizning elektron pochta manzilingiz nashr etilmaydi. Majburiy maydonlar * bilan belgilangan