Гулнора Каримованинг ҳисоб рақамидаги 131 млн доллар Ўзбекистонга қайтарилади

Гулнора Каримованинг ҳисоб рақамидаги 131 млн доллар Ўзбекистонга қайтарилади

Швейцария ҳукумати Гулнора Каримовага тааллуқли 131 миллион долларни маълум шартлар билан Ўзбекистонга қайтаришга розилик берди. Бу ҳақда Ассоcиатед Пресс агентлиги хабар берди.

Швейцария ҳукумати 2012-йилда Гулнора Каримовага тааллуқли бўлган ҳисоб-рақамлардаги маблағлардан 131 миллион долларга тенг активларни Ўзбекистонга қайтаришга розилик берган. Икки мамлакат ўртасида имзоланган келишувда бу ҳақда сўз боради.

Швейцария ҳукумати баёнотида айтилишича, Ўзбекистон қайтарилган активларни аҳолининг турмуш шароитларини яхшилаш, барқарор ривожланиш лойиҳаларига сарфлаши керак. Бундан ташқари, ушбу маблағлар харажати устидан шаффоф мониторинг ўрнатилиши лозим.

“Гулнора Каримовага тааллуқли яна 715 миллион долларлик маблағ музлатиб қўйилган. Ҳозирча бу маблағлар Каримовага нисбатан жиноий иш кетаётганлиги учун ушлаб турилади. Мабодо ушбу маблағлар берилган тақдирда ҳам юқоридаги шартлар асосидагина Ўзбекистонга қайтарилади”, — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Гулнора Каримова ва у томонидан ташкил этилган жиноий уюшма аъзоларига нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни 2020-йил 18-март куни ниҳоясига етган бўлиб, у 13 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум этилган. Қолган судланувчиларга ҳам содир этилган жиноятларнинг оғирлилик ва ижтимоий хавфлилик даражаси ҳамда уларнинг жиноятлардаги иштирокидан келиб чиқиб, тегишли жазолар тайинланди.

Олдин кўрилган жиноий ишлар, шунингдек, сўнгги жиноий иш доирасида етказилган зарар миқдори 3,8 триллион сўм ва 165 миллион долларни ташкил этган.

Адлия вазирлиги ва Бош прокуратура томонидан Ўзбекистоннинг ваколатли идоралари иштирокида Гулнора Каримова томонидан жиноий йўл билан орттирилган мулкларни Ўзбекистонга қайтариш бўйича олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида 2020-йилнинг 14-май куни Францийадан 10 миллион АҚШ доллари миқдоридаги активлар Ўзбекистонга қайтарилганди.

Бундан ташқари, Бош прокуратура Швейцария федерал прокуратураси билан ҳамкорликда экспертларни жалб қилган ҳолда Гулнора Каримованинг Женева шаҳрида жойлашган вилласида ўтказилган тинтув вақтида аниқланган ва хатланган 70 турдаги санъат ашёлари (картиналар, амалий санъат ва ҳунармандчилик асарлари ва ҳоказолар)нинг Ўзбекистонга қайтарилиши бўйича ишлар олиб борилаётганини билдирган.

Июн ойида эса Гулнора Каримова томонидан жиноий йўл билан орттирилган 1,3 миллиард АҚШ долларидан ортиқ миқдордаги мулкларни қайтариш бўйича Швейцария, АҚШ, Францийа, Россия каби давлатлар билан ҳамкорликдаги ишлар давом этаётгани тўғрисида хабар берилганди.

Posts Carousel

Izoh qoldiring

Sizning elektron pochta manzilingiz nashr etilmaydi. Majburiy maydonlar * bilan belgilangan

Latest Posts

Top Authors

Most Commented

Featured Videos