Ўзбекистонда Ёшлар медиахолдингини яратиш муҳокама қилинмоқда. Унга 46 млрд сўм ажратилади

Ўзбекистонда Ёшлар медиахолдингини яратиш муҳокама қилинмоқда. Унга 46 млрд сўм ажратилади

Ўзбекистон Ёшлар ишлари бўйича агентлиги “Ёшлар медиахолдинги” акциядорлик жамияти фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасини муҳокамага қўйди.

Ҳужжат билан унинг базасида қуйидагиларни яратиш таклиф этилмоқда:
Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи;
Давлат активларини бошқариш агентлиги;
МТРК давлат улушини (“Ёшлар” телерадиоканали” акциядорлик жамиятининг, “Ёш куч” журналининг, “Ёшлар овози” – “Молодёж Узбекистана” газеталарининг, “Ёшлар” нашриёт уйининг 100 фоизлик улушларини);
“Менинг юртим” (МЙ5) телеканалининг 61 фоизи улушини;
“Ёшлар овози” радиосининг 49 фоиз улушини.

Холдинг давлат ислоҳотларини ахборот маконида қўллаб-қувватлаш, оммавий ахборот воситаларида ёшларнинг ҳаёти, орзу-интилишлари, қўлга киритаётган муваффақиятларини кенг ёритиш, ёшлар ҳаётида учраётган муаммо ва камчиликларни таҳлил қилиб, улар ечимига қаратилган туркум кўрсатув, мақола ва эшиттиришлар тайёрлашни йўлга қўйиш мақсадида ташкил этилмоқда.

Медиахолдинг ва унинг таркибига кирган таҳририятларни давлат бюджетидан молиялаштириш босқичма-босқич тарзда камайтирилади ва 2023-йилга қадар ўзини ўзи тўлиқ таъминлашга ўтказилади.

Бир ой муддатда медиахолдингга қурилиш, моддий-техник таъминоти ва бошқа харажатлари учун 2020-йилда 46 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилишини ҳамда 2021-йил давомида медиаконтент (махсус ва ахборот дастурлари, ижтимоий роликлар, интеллектуал лойиҳалар ва бошқалар) тайёрлаш, рисола ва ёш ижодкорларнинг илк китобларини чоп этиш учун асосланган ҳисоб-китобларга мувофиқ маблағ ажратилиши кутилмоқда.

Медиахолдинг фаолиятини ташкил этиш ва ривожлантириш мақсадларини амалга ошириш икки босқичда амалга оширилади:
Биринчи босқич, 2020—2021-йиллар — медиахолдинг фаолиятини ташкил этиш, моддий-техник базасини шакллантириш, мавжуд имкониятларни баҳолаш, ривожлантириш индикаторларини аниқлаш, мавжуд активлар, муаммолар ва эришилган муваффақиятларни таҳлил қилиш;
Иккинчи босқич, 2022-йил ва ундан кейинги давр — медиахолдинг ва унинг таркибий бўлинмалари иқтисодий мустақиллигини, ахборот хизматлари бозоридаги рақобатдошлигини таъминлаш, теле-радио кўрсатувлар, эшиттиришлар, даврий нашрлар ва электрон ахборот хизматларини ташкил этиш жараёнига бозор механизмларини татбиқ этиш ва медиахолдинг ва унинг таркибий қисмлари фаолиятини тизимли йўлга қўйиш, уларнинг молиявий тўлиқ мустақиллигига эришиш, самарадорлигининг асосий кўрсаткичларини баҳолаб бориш.

Эслатиб ўтамиз, 30-июн куни Ўзбекистон Президенти фармони билан ёшлар сиёсати соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширувчи янги орган — Ёшлар ишлари агентлиги ташкил этилганди. Янги агентлик ташкил топганидан кейин Алишер Саъдуллаев агентлик директори бўлиши маълум қилинганди.

Posts Carousel

Izoh qoldiring

Sizning elektron pochta manzilingiz nashr etilmaydi. Majburiy maydonlar * bilan belgilangan

Latest Posts

Top Authors

Most Commented

Featured Videos