Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 6 сентябрь куни “Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги ҳисоб-китоб тизимига замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш ҳамда ушбу соҳада жамоатчилик назоратини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига
асосан нақд пул тушумига эга тадбиркорлик субъектлари онлайн назорат касса машиналари ёки виртуал кассадан фойдаланишга босқичма-босқич ўтказилмоқда.
Ҳар қандай янгиликни муваффақиятли жорий этишда тарғибот ва тушунтириш ишлари муҳим аҳамиятга эга. Давлат солиқ хизмати органлари ходимлари тадбиркорлар ҳузурига борган ҳолда, онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал кассаларнинг афзаллиги, улардан фойдаланиш тартиби хусусида тушунтириш ишларини олиб бормоқда.
Бунинг натижасида дастлабки босқичда Сурхондарё вилоятида 2084 та алкоголь, тамаки, дори воситалари савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари, дўконлар ва автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларига онлайн назорат-касса машиналари ўрнатилди.
2020 йил 1 августдан бошлаб эса ўтган йил якунлари бўйича йиллик обороти (тушуми) беш миллиард сўмдан ошган тадбиркорлик субъектлари онлайн назорат-касса машиналаридан фойдаланишга ўтди.
Айни пайтда Сурхондарё вилоятида 2876 нафар тадбиркорлик субъектлари онлайн-назорат касса машиналаридан фойдаланмоқда.
– Онлайн назорат касса машинаси ишимизни анча енгиллаштирди. Илгаригидек, назорат-касса дафтарини юритмаяпмиз. Иш куни охирида ҳар бир назорат-касса машинаси бўйича кунлик ҳисоботни чиқариб олиш каби мажбуриятларимиз ҳам йўқ. – дейди Термиз шаҳридаги “Сурхон Аброр Сардор сервес” корхона раҳбари Акбар Холбоев. – Онлайн назорат-касса машиналари хизматидан фойдаланувчиларга берилган қулайликларга мувофиқ, биз кунлик ўртача нақд пул тушуми миқдоридан қатъий назар нақд пулни банк кассаларига инкассация хизматлари орқали ўзимиз белгилаган даврларда ёки мустақил равишда топширмоқдамиз. Яна бир эътиборли томони шундаки, онлайн-назорат касса машинасидан фойдаланишга ўтганлигимиз учун ҳисобланган ва тўлашимиз лозим бўлган фойда солиғи ёки айланмадан олинадиган солиқ тўлови ёхуд қатъий белгиланган солиқ суммасини онлайн-НКМни ҳарид қилиш, ўрнатиш ва ишга тушириш билан боғлиқ харажатлар суммасига, лекин базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан ошмаган миқдорда камайтириш ҳуқуқи берилди. Бу эса биз тадбиркорлар учун жуда ҳам енгилик бўлди.
Президент фармонига биноан 2022 йилнинг 1 январидан бошлаб барча тадбиркорлик субъектлари нақд пул билан ҳисоб-китоб янги механизми тўлиқ жорий этилади. Бунинг натижасида вилоятда 5390 нафардан зиёд хўжалик юритувчи субъектларида онлайн назорат касса машиналари хизмати йўлга қўйилади.
–Истеъмолчилар кундалик ҳаётда маҳсулот сотиб олиш ёки хизматлардан фойдаланишда кўпинча асоссиз нарх оширилиши ва назорат харид чеки берилмаслик ҳолатларига дуч келадилар. Ҳатто баъзи ҳолларда “уддабурон” тадбиркорлар терминал орқали савдо қилишдан бош тортади. Эндиликда шундай ҳолатларга фуқаролар дуч келганда “Soliq hamkor” тизими, “Soliq” мобил иловаси, @soliq_hamkor_bot телеграм-бот, солиқ органларининг электрон давлат хизматлари портали – my.soliq.uz орқали солиққа оид қонун бузилиш ҳолатлари ҳақида хабардор қилишлари мумкин. – дейди Сурхондарё вилояти давлат солиқ бошқармаси ходими Акмал Олтибоев. –Мазкур тизимлар орқали фуқаролардан ўтган сентябрь ойида жами 28 та мурожаатлар юзасидан давлат солиқ хизмати органлари томонидан 20 та сайёр солиқ текширувлари ўтказилди ва 5 та мурожаат ўз тасдиғини топмаганлиги сабабли рад этилди, 3 та мурожаат юзасидан ўрганишлар ўтказилмоқда.
Ўтказилган текширишлар натижасида қонунбузарларга нисбатан молиявий ва маъмурий жарималар қўлланилди.
Истеъмолчилар ўз ҳақ-ҳуқуқларини яхши билишлари, қоидабузарлик ҳолатлари юз берганда юқорида қайд этилган электрон тизимлар орқали тезкор хабар беришлари лозим.
Сурхондарё вилояти ДСБ Матбуот хизмати
Izoh qoldiring
Sizning elektron pochta manzilingiz nashr etilmaydi. Majburiy maydonlar * bilan belgilangan