Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти Давлат солиқ бошқармаси томонидан 349 млн. сўмга Equinox русумли хизмат автомашинаси харид қилинганлиги борасида хабарлар тарқалди.
Ушбу ҳолатга зудлик билан ойдинлик киритиш мақсадида Давлат солиқ қўмитаси томонидан тўпланган дастлабки маълумотларга кўра, Сурхондарё вилояти Давлат солиқ бошқармаси балансидаги 2013 йилда ишлаб чиқарилган “Нексия-2” русумли автомашина эскириб яроқсиз ҳолга келиб қолганлиги сабабли унинг ўрнига бир дона хизмат автомашинаси харид қилишга рухсат сўраб, 2020 йил 2 октябрдаги 23-31631-сонли хат билан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига мурожаат қилган.
Ушбу мурожаатга Молия вазирлиги 2020 йил 9 октябрда ЕС 8724-сонли жавоб хати йўлланган. Унга кўра, Бошқарма балансидаги “Нексия-2” русумли автомашинасини ўрнатилган тартибда сотиб, ўрнига белгиланган лимит доирасида Солиқ органларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан бир дона “Нексия-3” автомашинаси харид қилишга розилик билдирган.
Ўзавто дилери “Авто-центр-Қашқадарё” билан Сурхондарё вилояти Давлат солиқ бошқармаси ўртасида 2020 йил 30 сентябрда 3-250-2020-1563UA-сонли шартнома тузилиб унга асосан бир дона Equinox русумли автотранспорт воситаси харид қилинган.
Таъкидлаш лозимки, кейинги даврларда Давлат солиқ хизмати органлари солиқ тўловчиларнинг яқин ҳамкори сифатида янги имиджини шакллантирди. Бунда халқ манфаатига зид бўлган ҳар қандай ҳолатга кескин муносабат билдириш асосий принциплардан сананалади.
Ушбу принцип асосида ҳолат юзасидан хизмат текшируви ўтказиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раисининг буйруғи қабул қилинди. Хизмат текшируви давомида аниқланган маълумотлар қўшимча равишда эълон қилинади.
Izoh qoldiring
Sizning elektron pochta manzilingiz nashr etilmaydi. Majburiy maydonlar * bilan belgilangan