Журналистлар Жо Байден Эрон билан ядровий келишувни тиклаши қийин бўлиши учун АҚШнинг амалдаги президенти Теҳрон билан муносабатларни ҳаддан ташқари ёмонлаштиришга уринган бўлиши мумкинлигини тахмин қилишмоқда.
АҚШ президенти 12 ноябрь куни маслаҳатчилари билан Эрондаги уранни бойитиш заводига ҳужум қилиш эҳтимолларини муҳокама қилишган. Бу ҳақда The New York Times нашри собиқ ва ҳозирги америкалик амалдорлар орасидаги манбаларига асосланган ҳолда хабар тарқатди. Дональд Трамп Халқаро атом энергияси агентлигининг (МАГАТЭ) Эрондаги бойитилган уран ҳажми ядровий келишувга кўра рухсат этилган миқдордан 12 баравар кўплиги ҳақида эълон қилганидан кейин авиазарба ёки киберҳужум имкониятларига қизиқиш билдирган.
Оқ уйдаги учрашувда вице-президент Майкл Пенс, давлат котиби Майкл Помпео, Мудофаа вазири – Пентагон раҳбари вазифасини бажарувчи Кристофер Миллер ва АҚШ Қуролли кучлари штаб бошлиқлари қўмитаси раиси, генерал Марк Милли иштирок этган. Улар Трампни президентлигининг сўнгги ҳафталарида юзага келиши мумкин бўлган оқибатларидан огоҳлантириб, Нетенздаги заводга ҳужум қилиш фикридан қайтаришган.
Шу билан бирга, The New York Times нашрининг қайд этишича, Трамп Эронга зарба бериш ниятини ҳамон эътиборидан соқит қилмаган.
Газета маълумотига кўра, ноябрда Мудофаа вазири Марк Эспер ва бошқа юқори мартабали ҳарбий амалдорлар истеъфога чиқарилгач, Трамп Эронга қарши ошкора ёки махфий амалиётлар бошлаши мумкинлиги ҳақида хавотирлар юзага келган. NYT нашрининг қайд этишича, Теҳрон билан зиддият яна кескинлашиши Жо Байден сайловолди кампаниясида ваъда қилган ядровий келишувни тиклаш бўйича музокараларни мураккаблаштириши мумкин. Бу келишув 2015 йилда Барак Обама томонидан тузилган, аммо Трамп ўз президентлиги бошида келишувни бекор қилганди. Бу келишув ушбу мамлакатда ядровий соҳадаги фаолликни чеклаш эвазига санкцияларни ечишни назарда тутарди.
Axios нашри 9 ноябрь куни Трампнинг маъмурияти 2021 йилнинг 20 январига қадар Эронга қарши санкциялар қўлламоқчи экани ҳақида хабар тарқатганди. 10 ноябрь куни санкциялар яна олти ташкилот ва тўрт нафар жисмоний шахсни ўз ичига олган ҳолда кенгайтирилди.
Izoh qoldiring
Sizning elektron pochta manzilingiz nashr etilmaydi. Majburiy maydonlar * bilan belgilangan