“Айритом” чегара-божхона постида барча шароитларга эга замонавий туризм ахборот маркази ташкил этилди

“Айритом” чегара-божхона постида барча шароитларга эга замонавий туризм ахборот маркази ташкил этилди

Ўзбекистоннинг жанубий дарвозаси – “Айритом” чегара-божхона постида барча шароитларга эга замонавий туризм ахборот маркази ташкил этилди. Бу ҳақида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси расмий сайтида хабар қилинди.

Афғонистон Ислом Республикасидан юртимизга меҳмонлар Сурхондарё вилоятининг “Айритом” чегара божхона пости орқали кириб келади. Ўтган йили мазкур пост орқали 40 мингга яқин юк ва енгил автотранспорт воситаси ҳаракатланиб, кунига ўртача 100-110 та транспорт божхона назорати ва кўригидан ўтказилган. Чегара-божхона постининг замонавий, илғор назорат техник ускуналари, ахборот технологиялари билан жиҳозлангани автотранспорт воситалари ҳамда йўловчиларни тезкор божхона назорати ва расмийлаштирувидан ўтказиш учун қатор қулайликлар яратилди. Бу ерда барпо этилган Туризм ахборот маркази Ўзбекистонга келаётган меҳмонларни мамлакатимизнинг бой туристик салоҳияти ҳамда сайёҳларга хизматлар кўрсатувчи субъектлар билан яқиндан таништириш ва шу ернинг ўзида турли хизматларни тақдим этишда муҳим аҳамият касб этади. Жанубдаги дарвозада “Қобул–Термиз” масъулияти чекланган жамияти барпо этган инновацион марказда Ўзбекистондаги барча туристик объектлар, меҳмонхоналар, транспорт қатновлари, овқатланиш шохобчалари ва бошқа хизматлар кўрсатиш тармоқлари ҳақида аниқ маълумотлар мавжуд. Марказда paynet хизматидан фойдаланиш, юртимиздаги алоқа операторларининг SIM-карталари, сувенир ва бошқа эсдалик маҳсулотларни сотиб олиш мумкин. Транспорт воситаси, жумладан енгил такси чақириш хизмати йўлга қўйилган. “Кейинги тўрт йилда мамлакатимизда туризмни ривожлантиришга қаратилган эътибор дунё сайёҳларини мамлакатимизга чорламоқда,–дейди Сурхондарё вилоят туризмни ривожлантириш ҳудудий бошқармаси бошлиғи Зафар Намозов. – Улар Ватанимизнинг ноёб тарихий обидалари, гўзал ва бетакрор табиат манзаралари, шифобахш сувлари, сўлим гўшалари ва бошқа диққатга сазовор жойлари билан яқиндан танишмоқда. Мириқиб ҳордиқ чиқариб, соғлигини тикламоқда. Табиат гўзалликларидан баҳраманд бўлиб, ўзгача завқ-шавқ туймоқда. Шунга мувофиқ жаҳоннинг турли давлатларидан воҳага келаётган меҳмонларни муносиб кутиб олиш ва уларга замонавий хизматларни тақдим этишга катта аҳамият беряпмиз. Шу мақсадда Термиз халқаро аэропорти, Темир йўл вокзали, минтақамизда ягона – Термиз археология музейи, “Термиз” давлат музей-қўриқхонасида туризм ахборот марказлари фаолияти йўлга қўйилиб, сайёҳларнинг хабардорлигини ошириш учун вилоятнинг туристик объектлари ва хизмат кўрсатиш шохобчалари ҳақидаги маълумотлар жойлаштирилган эди. “Айритом” чегара-божхона постида иш бошлаган туризм ахборот маркази эса меҳмонларнинг мамлакатимиз бўйича етарли маълумот олишига хизмат қилади. Янги марказ вилоят туризмни ривожлантириш ҳудудий бошқармаси томонидан ўзбек ва хорижий тиллардаги бепул туристик хариталар, рисолалар, флайерлар билан таъминланди. Айни пайтда марказда хорижий тилларни чуқур биладиган икки киши сифатли, тезкор хизмат кўрсатиб, меҳмонларни соҳадаги янгиликлар, қўшимча хизмат шохобчалари билан яқиндан таништирмоқда. Бундан ташқари, жорий йилда жанубдаги вилоятнинг Тожикистон Республикаси чегарасидаги “Сариосиё” божхона-чегара постида ҳам замонавий туризм ахборот маркази барпо этилади. Подробнее: https://uzbektourism.uz/cyrl/newnews/view?id=1604

Posts Carousel

Izoh qoldiring

Sizning elektron pochta manzilingiz nashr etilmaydi. Majburiy maydonlar * bilan belgilangan

Latest Posts

Top Authors

Most Commented

Featured Videos