Бугун, 11 март куни Жиноят ишлари бўйича Музработ тумани судида блогер Отабек Сатторийнинг суди бўлиб ўтмоқда. Суд жараёнида дастлаб, жабрланувчилар тингланди. Жумладан, Шеробод туманида жойлашган «Чинора Гул барака» деҳқон бозори раҳбари Л.Т. Отабек Сатторийга қарши ўз ихтиёри билан ариза берганини маълум қилди. Прокурор айблов хулосасини ўқиб эшиттирди. Олиб борилган суруштирув ишлари натижасида, Сатторий Отабек Абдуманонзодага нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми “а”,“б” бандлари ва 3-қисми “а” банди (Товламачилик), 139-моддаси 3-қисми “а,г” бандлари (Туҳмат) ҳамда 140-моддаси 3-қисми “а” банди (Ҳақорат қилиш) айби қўйилган.Хусусан, блогер Отабек Сатторий саккиз нафар фуқаронинг сир сақланиши лозим бўлган маълумотларини ошкор қилиш билан қўрқитиш, бу орқали моддий манфаат кўриш, фуқароларга Telegram, Facebook, YouTube орқали туҳмат қилиш, ҳақорат қилиш каби жиноятларни содир қилганликда айбланган.Эслатиб ўтамиз, сурхондарёлик блогер Отабек Сатторий 30 январ куни қамоққа олинган эди. Блогернинг ҳибсга олиниши ижтимоий тармоқларга кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлганди. Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Тим Торлот ўзининг Twitter саҳифасида воқеага муносабат билдирар экан, «товламачиликни исботлайдиган далиллар бўлмаса, мазкур ҳибс воқеаси нафақат хавотирли, балки сўз эркинлигига рахна солувчи яна бир ҳаракатдир», дея муносабат билдирганди.
Izoh qoldiring
Sizning elektron pochta manzilingiz nashr etilmaydi. Majburiy maydonlar * bilan belgilangan