Президент Шавкат Мирзиёев топшириғига кўра ўтган ҳафта Тошкент вилоятида ўтказилган тадбиркорлар билан учрашувларда улар томонидан жуда кўплаб ечилмаган муаммолар кўтарилиб, уларни ҳал этиш бўйича таклиф ва ташаббуслар билдирилган. Таъкидланишича, уларнинг барчаси амалга ошириш мумкин бўлган лойиҳалар, уларга фақатгина ер ва инфратузилма масаласини ҳал қилиб бериш кифоя. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида айтиб ўтилди.
Шу сабабли, Иқтисодиёт ва саноат вазири Жамшид Қўчқоров, Инвестиция ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов, Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икромов ва Тошкент шаҳар прокурори Улуғбек Қосимов ҳар ҳафтада ўзига бириктирилган ҳудудларга чиқиб, тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказади ва уларнинг муаммоларини жойида ҳал қилади.
Вилоят ҳокимлари ҳам ҳафтада бир марта ўз ҳудудидаги тадбиркорлар билан учрашиб, уларнинг масалаларини ечиб боради. Алишер Хўжаев ушбу учрашувларни мунтазам телевидениеда ёритиб, уларнинг натижаларини аҳолига етказиб боради.
Адҳам Икромов ва АКТ вазири Шуҳрат Содиқов икки ҳафта муддатда тадбиркорлар билан доимий алоқани йўлга қўйиш бўйича электрон портални ишга туширади.
Адҳам Икромов бир ой аввал тадбиркорлар билан ўтказиладиган ушбу учрашувлар графигини эълон қилади ва келиб тушган мурожаатларнинг электрон порталга киритиб, ҳал этилишини назорат қилади.
Шунингдек, Адҳам Икромов ва Улуғбек Қосимов электрон порталга келиб тушган муаммоли масалалар ва уларни бартараф этиш бўйича қилинган ишлар юзасидан ҳар ҳафта Президентга ахборот бериб боради.
Izoh qoldiring
Sizning elektron pochta manzilingiz nashr etilmaydi. Majburiy maydonlar * bilan belgilangan