“Зарчоб-1” кичик ГЭСи фойдаланишга топширилди

“Зарчоб-1” кичик ГЭСи фойдаланишга топширилди

“Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан Cурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида янгидан барпо этилган “Зарчоб-1” кичик ГЭСи фойдаланишга топширилди. Мазкур электр станцияда ҳар бирининг қуввати 15 МВт бўлган 2 та гидроагрегат ўрнатилган.
Қурилиш ишлари 2017 йилнинг август ойида бошланган эди. Лойиҳа учун зарурий технологик қурилмалар Хитойнинг етакчи компанияси томонидан етказиб берилди. Қурилиш-монтаж ишлари якунлангач, созлаш ва синовдан ўтказиш ҳамда автоматик тизим бошқарувини марказлашган тарзда мувофиқлаштириш ишлари амалга оширилди. “Зарчоб-1”га “Тўполанг” дарёсидан 480 метр узунликдаги туннел ва 1 минг 300 метр узунликдаги канал орқали сув олиб берилди. Ҳозиргача иншоот ишчи шай ҳолатига келтирилиб, белгиланган тартибда синовдан ўтказилди. Ушбу жараёнлар муваффақиятли ўтгач, бугун “Зарчоб-1” кичик ГЭСи ишга туширилди.
Сурхондарё ҲЭТК АЖдан олинган маълумотга кўра, сўнгги 4 йил давомида 64 минг аҳоли хонодони тармоққа уланган. 2016 йилда 2 млрд. 150 млн. кВт соат электр энергия етказиб берилган бўлса, 2020 йилга келиб истеъмол 23 фоизга ошиб, 2 млрд 633 кВт.соатга етказилган. Мутахассисларнинг таъкидлашича, “Зарчоб-1” кичик ГЭСининг ишга туширилиши орқали бу кўрсаткич яна 37 минг 400 кВт соатга ортади. Демак, бир суткада ўртача 750 минг кВт электр энергия ишлаб чиқарилиб, қарийиб 250 минг хонадонга узлуксиз электр етказиб беришга эришилади.
“Зарчоб-1” кичик ГЭСининг ишга туширилишига бағишланган тадбирда ҳукумат вакиллари, ГЭС қурилиш-монтаж ишларида иштирок этган корхоналар, жумладан, Хитой Халқ Республикасидан ҳамкорлар иштирок этдилар. Расмий очилиш маросимидан сўнг рамзий тугма босилиб, ГЭС ишга туширилди ва энг илғор технологик ускуналар ёрдамида гидроэнергетик иншоот дастлабки киловаттларни ишлаб чиқара бошлади.
Маълумотларга кўра, қуввати 38,2 кВтга тенг бўлган “Зарчоб-2” кичик ГЭСини ҳам қисқа муддатларда фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Яна бир гап. Ҳудудда “Зарчоб” подстанциясининг ҳам қурилиш ишлари якунига етди. Ушбу подстанция “Гулча ва Тожикистон энерготизимининг Регар подстанциялари орасидаги 220 кВли ҳаво линиясига кириш-чиқиш схемаси орқали ягона энерготизимга уланган. Яъни бу подстанция “Зарчоб ГЭС”лар каскади бўлган “ГЭС-1”, “ГЭС-2” ҳамда “Тўпаланг ГЭС” томонидан ишлаб чиқарилган электр энергияни миллий энергетика тизимига узатишга хизмат қилади. Мухтасар айтганда, энергетика тизимида амалга оширилаётган бу каби ишлар ва яқин келажакда рўёбга чиқариладиган лойиҳалар ижроси тараққиётнинг ҳаракатлантирувчи кучи бўлган соҳа истиқболини таъминлаши билан муҳим аҳамиятга эга.
Маълумот учун 2020 йилда, пандемия шароитига қарамасдан, пухта режа ва қатъий тартиб асосида “Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан 6 та янги қурилиш ва модернизация лойиҳалари фойдаланишга топширилди. Мазкур лойиҳаларнинг умумий қуввати 118,3 МВтни ташкил этади. Бу эса, қўшимча 543 млн. кВт.соат электр энергиясини ишлаб чиқарилишига замин яратмоқда.

Posts Carousel

Izoh qoldiring

Sizning elektron pochta manzilingiz nashr etilmaydi. Majburiy maydonlar * bilan belgilangan

Latest Posts

Top Authors

Most Commented

Featured Videos