Ассалому алайкум, азиз воҳадошлар,
Ҳурматли меҳмонлар!
Азал-азалдан улуғ алломалар, азиз-авлиёлар, алп келбатли полвонлар юрти бўлган Сурхон воҳасига хуш келибсизлар!
Барчангизни бугунги катта спорт байрами – кураш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун Ал Ҳаким ат-Термизий хотирасига бағишланган ўн бешинчи халқаро турнир билан самимий табриклаймиз.
Ушбу нуфузли турнирда дунёнинг 30 га яқин давлатидан 100 нафардан зиёд спортчилар, мураббийлар, ҳакамлар ва расмий вакиллар иштирок этмоқда.
Фурсатдан фойдаланиб, барча меҳмонларимизга, хусусан, Халқаро кураш ассоциацияси президенти Ҳайдар Фармон жанобларининг вилоятимизга шахсан ташриф буюриб, турнирнинг нуфузини янада оширишга муносиб ҳисса қўшаётгани, унга алоҳида файз ва кўтаринки руҳ бағишлаётгани учун ташаккур изҳор этамиз.
Қадрли турнир иштирокчилари!
Халқимизнинг неча минг йиллик тарихга эга бебаҳо бойлиги ҳисобланган миллий кураш кейинги йилларда бутунлай янги даврга қадам қўйди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 4 ноябрда қабул қилинган “Кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва унинг халқаро нуфузини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори миллий курашимизни янада ривожлантириш, жаҳон спорт оламида обрўсини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мамлакатимизда кураш спорт турини 2025 йилгача янги босқичга олиб чиқиш концепцияси ҳам тасдиқланган бўлиб, бундан кўзланган мақсад уни Европа, Африка ва Панамерика қитъавий ўйинлари қаторига расман киритиш, Халқаро спорт федерациялари ассоциациаси эътирофига сазовор бўлиш, шунингдек, 2028 йилгача Халқаро олимпия ўйинлари дастурига кириши учун зарур шарт-шароитларни яратишдан иборат.
Бу эса ўзбек ва жаҳон спортчиларини ягона мақсадга – жаҳоннинг инсонпарвар спорт турларидан бири бўлган курашни ривожлантириш йўлида бирлашишларига хизмат қилади.
Азиз дўстлар!
“Кураш” сўзи “ҳалол йўл билан ғалабага эришиш” маъносини англатади ҳамда ўзида мардлик, кучли ирода, ҳалоллик ва рақибга нисбатан ҳурматни акс эттиради.
Бугун ўтказилаётган халқаро турнирда ҳам барча полвонларнинг ҳалол баҳс олиб боришиб, эл олқишига сазовор бўлишларига ишонамиз.
Фурсатдан фойдаланиб, халқаро миқёсдаги ушбу нуфузли тадбирни ўтказишда бизга катта ишонч билдирган ва амалий ёрдам кўрсатган мамлакатимиз Президенти ҳамда ҳукуматимизга, Кураш халқаро ассоциациясига, Ўзбекистон кураш федерациясига, барча ҳомий ташкилот ва корхоналарга, тадбирга тайёргарлик ишларида фаол иштирок этган барча юртдошларимизга чексиз миннатдорчилик билдирамиз.
Эътиборингиз учун раҳмат !
Тўра Боболов, Сурхондарё вилояти ҳокими.
Izoh qoldiring
Sizning elektron pochta manzilingiz nashr etilmaydi. Majburiy maydonlar * bilan belgilangan