МЕҲРИ ИЛА ҚОРИШИҚ

МЕҲРИ ИЛА ҚОРИШИҚ

Жаҳон саҳналарида соҳир овозли  ёшларимизнинг  ўрни бор. Улар эътироф этилади, муносиб рағбат топади. Улар ҳақида эшитиб-да кўнглимиз сурурга тўлиши бор гап. “Баракалла” деймиз ич-ичимиздан қувониб, аммо уларнинг  истеъдодларини рўёбга чиқарган ким экани ҳақида ўйлаб кўрамизми? Ҳар доим ҳам эмас. Шеробод туманидаги 8-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабида истеъдодини намоён этиб, эътироф этилаётган  ёшлар кўпчиликни ташкил этади.Мактаб ўқувчиси Севинч Паттаева Москвада бўлиб ўтган “Восходящие звезды-2020” Халқаро онлайн кўрик-танловида биринчи ўринга лойиқ топилган бўлса, Испания давлатининг Лъорет де Мар шаҳрида ўтказилган “Сеа  Сун Фестивал” номли халқаро фестивалида Рушана Ҳушамова III даражали диплом билан тақдирланди. “Ниҳол” дуторчилар ансамбли эса “Живая музыка” халқаро  онлайн кўрик-танловида Гран-прини қўлга киритганига нима дейсиз? “Восходящие звезды-2020” халқаро онлайн кўрик-танловда Садоқат Мирзаева чалган дуторнинг сеҳрли овози сабаб ҳам Гран-при бегона бўлмади. Бундай ютуқлар ҳақида, эҳ-ҳе, жуда кўп гапириш мумкин. Мақташга арзигулик, кўкрак кергулик натижаларни айтаверсак, охири кўринмайди. Аммо, мактабга, элу юртга ана шундай ғурур бахш этган истеъдодларни юзага чиқаришда оддий ва камтаргина устознинг хизматлари катта. Меҳнатдан қочмайдиган, санъатни кўнгилларга жо этишни ҳаётининг мазмуни деб биладиган Муҳаббат Шодиевани шерободликлар дуторчи устоз сифатда яхшигина танишади, тан олишади. Асли термизлик Муҳаббат устознинг ризқу насибаси Шерободга қўшилган экан. Уни тушунадиган, тоғдек таянч бўладиган инсон билан тақдири боғландию Шерободни ўзига макон, Ватан тутди.

Инсон ўз-ўзидан обрў-эътибор топмайди, шунчаки тилга тушмайди. Бунинг учун тинимсиз меҳнат, изланиш талаб этилади. Устоз ҳам бугунги Муҳаббат Шодиева бўлиш учун чин эътиқод билан, юрагини бериб ишлади. Ниманидир ўрганиш иштиёқида келган ёшларга санъат орқали ҳаётни, ўзлари ва ўзлигини англатишга киришди. Инсон ҳақиқий санъаткор бўлиши учун ширин жонни азоблаши, қалбининг тубидаги ғалаённи англаши, борлиққа сингиши керак. Ана шундагина ажойиб куй яралиши, ноласи дардли ва ширали бўлиши мумкин. Муҳаббат опа бунга эриша олди. У сабоқ берган ёшларнинг эришган ютуқлари, машаққатли меҳнатлари бугун устозни жамоада ҳурмат ва эҳтиромга сазовор этди.

Устозлик залворини англаган, қийинчиликлардан қўрқмаган инсонгина чин маънодаги устоз мақомига муносиб кўрилади.

—  Мени кимдир ўзига устоз деб билса, сабоқларим давомида ўзи учун керакли ниманидир ўрганган бўлса, ўшандагина ўз касбимга муносиб бўлибман, дея оламан, — дейди М. Шодиева. — Ўқув-чиларим республика ва халқаро танловларда иштирок эта бошлади. Ишонасизми, уларнинг юқори ўринларга муносиб кўрилаётган, натижалар эълон қилинаётган паллада ўқувчиларимнинг ота-онасидан кам қувонмайман. Кўзларимга ёш қалқиб, меҳнатларимиз бесамар кетмаганига шукроналар айтаман. Бу бизнинг ютуғимиз, бу мак-табимизнинг, Сурхоннинг ютуғи дейман.

Муҳаббат Шодиева ана шундай жасорат ила ўзи ва ўзга-ларга ҳаёт ҳақиқатларини англатиб келаяпти. Меҳри ила қоришиқ санъат шогирдлар шуурига жо бўлди-да, ҳақиқий оҳанг яралди, сайқаллан-ди. Муҳаббат Шодиева эса бундан бахт ва ифтихор туйиб, шогирд-ларининг эришган ютуқлари, муваффақиятларини ҳар қандай орден-у медалдан қимматли деб билади.

Сайёра АЛЛАЕВА

Posts Carousel

Izoh qoldiring

Sizning elektron pochta manzilingiz nashr etilmaydi. Majburiy maydonlar * bilan belgilangan

Latest Posts

Top Authors

Most Commented

Featured Videos