Бугун Президентимиз ташаббуси билан аҳоли ўртасида иш олиб боришда мутлақо янгича тизим “маҳаллабай” тизимининг жорий этилиши жойлардаги муаммолар ҳамда ечимини кутаётган масалаларни тезкор ва самарали ҳал этиш имконини бермоқда. Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида Давлат солиқ қўмитаси раисининг “Маҳаллабай” ишлаш бўйича махсус штаби ташкил этилиб, ишчи гуруҳ фаолияти йўлга қўйилган. Рақамларга эътиборингизни қаратсак, айни пайтда туманда 61 та маҳалладаги 36 667 та хонадонда 50 275 та оила мавжуд бўлиб, уларда 213,1 минг аҳоли истиқомат қилади.
Ишчи гуруҳ аъзолари тумандаги барча маҳаллалар, хонадонларда бўлиб аҳоли билан юзма-юз учрашувлар ўтказмоқда, уларнинг муаммоларини тингламоқда. Ўрганишлар давомида, доимий иш билан таъминлаш, кредит олиш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун амалий ёрдам кўрсатиш, электр устунларини янгилаш каби бир қатор муаммолар борлиги аниқланиб мавжуд муаммолар бартараф этилмоқда.
Фуқароларни кўп йиллардан буён қийнаб келаётган электр энергияси таъминотидаги муаммолар ҳам давлат солиқ қўмитаси раҳбарияти саъй-ҳаракати билан яхшиланмоқда. Тумандаги электр устунлари янгиланиб, 3 дона янги замонавий трансформаторлар ўрнатилди.
Хусусан “Галабутта” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилиб келаётган фуқаролар ҳам ўз мурожаатларида электр энергияси таъминоти билан боғлиқ муаммолар, яъни, электр қувватининг жуда пастлиги, тез-тез узилишлар боис электр энергиясидан фойдаланишнинг умуман имкони бўлмаётганлигини билдирган. Фуқароларнинг кўп йиллик ушбу муаммоси ҳал этилиб, маҳаллага қўшимча бир дона янги 160 киловаттлик трансформатор ўрнатилиши натижасида электр таъминоти яхшиланди.
Тумандаги аксарият кўчалар йиллар мобайнида аҳолининг доимий муаммоси бўлиб келган. Фуқаролар ёғингарчилик кунларида лой кечиб иш ва ўқишга қатнашдан анча толиқишганди. Мазкур муаммони бартараф этиш мақсадида маҳалла йўлининг қарийб 30 километр қисмига шағал, 47.5 (47 ярим) километрлик ички йўлларга эса асфальт ётқизилиб, носоз йўллар таъмирланди. Фуқароларнинг мурожаатига кўра тумандаги “Бўстон” кўчасининг 11 километрлик ички йўлларига ҳам тош ва шағал ётқизилди.
Шунингдек, Давлат солиқ қўмитаси раҳбарияти ташаббуси билан тумандаги 3 нафар эҳтиёжманд оилаларга ҳомийлик маблағлари асосида уйлар қуриб берилди. Жумладан “Шахриобод” маҳалласидаги кам таъминланган оилалар рўйхатида турувчи фуқаро ЎткирТошбоевнинг хонадонида ҳам тўлиқ таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Уларнинг муқим даромад манбаига эга бўлишларини таъминлаш учун бандлик жамғармасининг субсидия маблағлари ҳисобидан бир сотихли иссиқхона қуриб берилиб, қизи Сожида Хабибуллаевага 1 дона тикув машинаси олиб берилди.
Худди шундай, бандликни таъминлаш мақсадида тумандаги 100 нафар ишсиз аёлларга тикув машиналари ажратилиб, 24 нафар кам таъминланган оилаларга субсидия асосида иссиқхоналар қуриб берилди.
Биргина, “Галабутта” маҳалласидаги 14 та эҳтиёжманд оилаларнинг ҳар бирига бандлик жамғармасининг субсидия маблағлари ҳисобидан 6 сотихли иссиқхоналар қуриб берилди.
Ёшлар ўртасида ишсизликни қисқартириш мақсадида тумандаги 355 нафар ишсиз ёшларга деҳқончилик билан шуғулланишлари учун 36 сотихдан ер майдони ажратиб берилди. Шунингдек, касб-ҳунар ўрганаётган ёшларнинг 10 нафарига пайвандлаш ускунаси олиб берилиб, устоз-шогирд анъанаси асосида моҳир усталарга бириктирилди.
-Анчадан бери ишсиз эдим. Сектор раҳбарлари кўмаги билан уста Музаффар акага шогирд тушиб, бир неча ойдан бери дарвоза, арава, печ ясаш сир-асрорларини ўрганиб келмоқдаман, – дейди “Аэропорт” маҳалласида истиқомат қилувчи Собир Ёраҳмедов. – Кишининг қўлида ҳунари бўлса, рўзғори ҳам бут бўларкан. Мен каби ёшларни қўллаб-қувватлаш, касбга йўналтириш борасида қилинаётган ишлардан беҳад миннатдорман.
Бундан ташқари тумандаги кўп қаватли уйлар таъмирланиб, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, қаровсиз ерлар ўрнида мўжаз болалар майдончалари бунёд этилмоқда.
Аҳолининг турмуш шароитини янада яхшилаш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш борасида қилинаётган ишлардан эса барча бирдек мамнун бўлмоқда.
Сурхондарё вилояти ДСБ матбуот хизмати
Izoh qoldiring
Sizning elektron pochta manzilingiz nashr etilmaydi. Majburiy maydonlar * bilan belgilangan