Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳамда “Hududgaz Surxondaryo” газ таъминоти филиали, Журналистлар ижодий уюшмаси Сурхондарё вилояти бўлими ҳамкорлигида Бойсун туманида пресс-тур ташкил этилди.
Тадбир давомида тизимда фаолиятини янада яхшилашга оид ишлар ва галдаги вазифалар ҳақида батафсил маълумот берилди. Қайд этилишича, вилоят ҳудудида “Hududgaz Surxondaryo” газ таъминоти филиали томонидан 2020-2021 йилларда 107 833 та “ақлли” газ ҳисоблагич ўрнатиш режалаштирилган. Маълумки, табиий газни ҳисобга олишни назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими татбиқ этилиши билан қарздорлик билан боғлиқ муаммога барҳам берилиб, узилишларнинг олдини олиш, исрофгарчилик ҳамда табиий газдан ноқонуний фойдаланишга барҳам беришга эришилмоқда. Энг муҳими, “ақлли” ҳисоблагичлар истеъмолчининг ёқилғи сарфини юқори аниқлик билан ўлчаб, реал вақт режимида марказга маълумот узатади. Ҳисоблагич худди мобил телефон каби сим карта ва аккумулятор-батареяда ишлайди ҳамда диспетчерлик хизматига тўғридан тўғри симсиз алоқа ёрдамида уланади. Диспетчер ўз мониторида қайси хонадонга айни дақиқада қанча миқдордаги газ берилаётгани, қайерда, қандай носозлик борлиги, барчасини назорат қилиб туради. Ҳисоблагичда қарздорлик юзага келиши биланоқ, инсон аралашувисиз газ таъминоти истеъмолчи томонидан пул тўлангунга қадар тўхтатилади. Албатта, истеъмолчиларнинг газ ҳисоблагичлари тармоқдан бирданига келмай қолмайди. Қарздорлик пайдо бўлишига яқин қолганда ҳисоблагич пул тўлаш лозимлиги тўғрисида мобил телефон орқали қисқа хабар (SMS) юборади ва дам олиш ҳамда байрам кунларидан бошқа вақтдагина қарздорга газ беришни автоматик тўхтатилади. “Hududgaz Surxondaryo” масъуллари булар ҳақида иштирокчиларга сўзлаб беришди. Янги тизимнинг авзаллиги кўрсатиб берилди.
Шунингдек, табиий газ тармоғи мавжуд бўлмаган ҳудудларда аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш доимий эътибор марказида. Бойсун туманидаги Инкабот маҳалласида ойлик қуввати 650,0 тоннага тенг бўлган суюлтирилган газ тўлдириш шахобчаси (ГТШ) мавжуд бўлиб, у Бойсун ва Шерабод туманлари аҳолисига хизмат кўрсатиб келмоқда. Шу ернинг ўзида маиший газ баллонларни синовдан ўтказиш ҳамда таъмирлаш маркази иш олиб бораяпти. Аҳолини суюлтирилган газ билан мунтазам ва узилишларсиз таъминлаш мақсадида янги автотарнспорт воситалари олиб келиниб, тоғолди маҳаллаларига ҳам ўз вақтида суюлтирилган газ баллонлари етказиб барилаётир. Масалан, ушбу тумандаги “Дуғоба”, “Ўрмонча”, “Ҳўжайдод” ва “Деҳбола” қишлоқлари вилоят марказидан қарийб 260 км узоқликда бўлиб, аҳоли хонадонлари қишнинг қаҳратон кунларида ҳам суюлтирилган газ баллонлари билан таъминланмоқда.
Биргина “Бойсунтумангаз” бўлими хизмат қиладиган ҳудудда 19745 та суюлтирилган газ истеъмолчилари мавжуд бўлиб, шундан 1052 та хонадон тоғли ҳудудларда истиқомат қилади. Аҳоли хонадонларига бир ойда 12635 кг суюлтирилган газ фонди ажратилган бўлиб, мунтазам 40-45 кунда етказиб бериш ишлари йўлга қўйилган.
- Аввал аҳолидан маиший газ баллонлари йиғиб олиниб, бир-икки кундан сўнг тўлдириб келинарди,” – дейди Бойсун тумани Пасурхи қишлоғида истиқомат қилувчи фуқаро Холмат Нематуллаев. – Эндиликда газ идорасининг захира газ баллонлари тўлдирилган ҳолда олиб келиниб, аҳолига узилишларсиз, пешма-пеш етказиб берилмоқда. Албатта, биз, истеъмолчилар бундан мамнунмиз.
Пресс-тур давомида журналист ва блогерлар соҳада олиб борилаётган кенг кўламли ишлар, ишчи-ходимларга яратилаётган қулай шарт-шароитлар, шунингдек, аҳолига кўрсатилаётган хизмат сифати ва эришалаётган амалий натижалар билан яқиндан таништирилди. Уларни қизиқтирган саволларга мутасаддилардан жавоб олинди.
Izoh qoldiring
Sizning elektron pochta manzilingiz nashr etilmaydi. Majburiy maydonlar * bilan belgilangan