“Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик” шиори остидаги ёшлар фестивали Сурхондарё вилоятида старт олди
Сурхондарё вилоятида 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган 611 минг йигит-қизлар истиқомат қилади. Уларнинг 56 минг 700 нафари “Ёшлар дафтари”га киритилган бўлиб, ҳозирга қадар 30 мингта ёшлар ижтимоий соғломлаштириш тадбирлари натижасида мазкур дафтардан чиқарилди. Ўз бизнесини йўлга қўйган ёшларга 3 миллиард сўмдан зиёд маблағ йўналтирилди.
Вилоятнинг 150 минг нафарга яқин ёшларини ўз атрофида бирлаштирган фестиваль тадбирлари “Ҳоким ва ёшлар” учрашуви билан бошланди. Сурхондарё вилояти ҳокими, 1-сектор раҳбари Тўра Боболовнинг ёшлар билан мотивацион учрашуви бўлиб ўтди. Унда биринчи секторга қарашли Денов, Қизириқ, Бандихон, Бойсун, Шеробод туманлари ёшлари қатнашди.
Учрашувда ёшлар ўзларининг илғор, инновацион ғояларини илгари суриб, янги таклиф ва ташаббусларини билдиришди.
Учрашувда энг иқтидорли, ташаббускор талабалар учун 1 миллиард сўм маблағ ажратилиб, шаҳар ва туманлар бўйича ҳоким стипендияси таъсис этилиши маълум қилинди.
“Ҳоким ва ёшлар” учрашуви якунида энг фаол ёшларга вилоят ҳокимининг рағбатлантирувчи мукофот ва эсдалик совғалари топширилди.
Бугун шунингдек, “Ёшлар ва тадбиркорлар учрашуви” ёш тадбиркорлар ишлаб чиқарган маҳсулотлари кўргазмаси, миллий халқ ўйинлари ва турли спорт мусобақлари ҳам ўтказилди. Тадбир доирасида “Ёш китобхон” кўрик танлови, “Заковат” интеллектуал ўйини, бахшичилик, от спорти, дўппи, дўмбира ва бошқа миллий қадриятларимизни тарғиб қилувчи беллашув ва кўргазмалар ўтказилмоқда.
Бугун ёшлар фестивалининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбир жорий йилнинг 17 июнига қадар давом этади.
Izoh qoldiring
Sizning elektron pochta manzilingiz nashr etilmaydi. Majburiy maydonlar * bilan belgilangan