Президентимизнинг 2021 йил 7 майдаги «Aвтомобиль транспортида йўловчилар ташиш фаолиятини тартибга солишни янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан 2021 йил 15 майдан 2022 йил охирига қадар эксперимент тариқасида йўловчиларни ҳайдовчидан ташқари тўрттадан ортиқ бўлмаган ўриндиқларга эга бўлган енгил автотранспорт воситаларида ташиш фаолияти якка тартибдаги тадбиркорлар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхатига киритилди.
Айни шу масала юзасидан Сурхондарё вилояти давлат солиқ бошқармасига фуқаролар томонидан кўплаб саволлар келиб тушмоқда. Ушбу саволларга ДСБ бўлим бошлиғи Бекзод Тангриқулов тушунтириш бериб ўтди.
1) Якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиб, йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланишнинг афзалликлари нимада?
- Қарорга кўра якка тартибдаги тадбиркор сифатида йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахслар жорий йилнинг 1 сентябригача бўлган даврда давлат рўйхатидан ўтса, давлат рўйхатидан ўтиш учун тўланиши лозим бўлган давлат божи тўлашдан озод этилади;
- йўловчи ташишда фойдаланилаётган автотранспорт воситаларининг ранги ва махсус серияли давлат рақами белгиси бўйича ўрнатилган амалдаги талаблар 2023 йил 1 январга қадар тўхтатиб турилади;
- йўналишсиз таксилар учун автомобиль транспортининг олд ойнасининг юқоридаги ўнг бурчагига жойлаштирилган яшил рангли ёритиш чироғи, ҳисоблагич (таксометр) ва радиоалоқа воситаси, шунингдек, назорат-касса машинасини ўрнатиш талаб қилинмайди;
- энг муҳими, ЯТТ сифатида рўйхатдан ўтган фуқаролар томонидан тўланган ижтимоий солиқ суммалари уларга меҳнат стажи ҳисобланишида асос бўлади. Бу эса кафолатли пенсия тўлови демакдир!
2) ЯТТ тадбиркор сифатида йўловчилар ташиш билан шуғулланаётган жисмоний шахсларга қандай талаблар қўйилади?
- якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан йўловчиларни енгил автотранспорт воситаларида ташиш фаолияти лицензия варақасига асосан амалга оширилиши;
- таксичилик фаолияти билан шуғулланиш ниятида бўлган жисмоний шахслар 21 ёшга тўлган ва бошқарувидаги автомобиль транспорти 10 йилдан ортиқ бўлмаган муддатда эксплуатация қилинаётган енгил автомобиль бўлиши;
- “Uztrans” ягона интерактив ахборот тизимига уланган кўп тармоқли поликлиникалар, хусусий клиникаларда ёки оилавий поликлиникаларда ойлик тиббий кўрикдан ўтиши;
- транспорт воситасини техник хизмат кўрсатиш станцияларида ҳар 6 ойда камида бир маротаба техник кўрикдан ўтказиши;
- автотранспорт воситаси тепасига “TAXI” белгили тўқ сариқ рангли фонарь ўрнатиши;
- тўловни амалга ошириш, шунингдек босиб ўтилган йўлни электрон тарзда қайд этиш имкониятини берувчи махсус иловали мосламаларга эга бўлиши лозим.
3) Энг муҳим савол! Таксичилик фаолияти билан шуғулланмоқчи бўлган жисмоний шахслар қаерга мурожаат қилишлари ва қандай тўловларни амалга оширишлари лозим?
- Якка тартибдаги тадбиркор сифатида йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган жисмоний шахс биринчи навбатда Давлат хизматлари марказига мурожаат қилиб ЯТТ сифатида давлат рўйхатидан ўтади ҳамда йўловчиларни енгил автотранспорт воситаларида ташиш фаолияти ҳуқуқини берувчи лицензия варақасини олади;
- лицензия варақаси учун йилига бир маротаба БҲМнинг бир баробари (245 минг сўм) миқдорида давлат божи тўлайди.
Бундан ташқари, 2021 йил учун ҳар ойлик 150 минг сўм миқдорида қатъий ва 245 минг сўм миқдорида ижтимоий солиқ тўлайди.
Сурхондарё вилояти ДСБ Матбуот хизмати
Izoh qoldiring
Sizning elektron pochta manzilingiz nashr etilmaydi. Majburiy maydonlar * bilan belgilangan